“Болалар хирургик касалликлари” дарслиги ўзбек тилида нашр этилди

Россия тиббиёт фанлари академияси академиги, профессор Ю.Исаков ҳамда профессор А.Разумовский таҳрири остида Москвада нашр этилган “Детская хирургия” дарслиги Самарқанд давлат тиббиёт университетининг ихтисослашган болалар хирургик клиникаси раҳбарияти ташаббуси билан профессорлар Азамат Шамсиев, Жамшид Шамсиев ва Шуҳрат Юсупов томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, “Болалар хирургияси” номи билан чоп этилди.

Н.И.Пирогов номидаги Россия Миллий тадқиқот тиббиёт университети болалар хирургияси кафедраси ва клиникаси ходимларининг тажрибаси, шунингдек, хориждаги болалар жарроҳларининг ютуқларига асосланган дарсликда болалар хирургияси ва анестезиологиясидан бошлаб, унинг анатомик ва физиологик масалалари, клиник ва инструментал тадқиқот усуллари, интенсив терапия ва реанимациянинг умумий тамойиллари, болаларда хирургик касалликларнинг клиник хусусиятлари ва антибиотик терапиясигача баён этилган.

Шунингдек дарсликда болалар хирургиясининг хусусий масалалари ёритилган. Алоҳида органлар ва тизимларнинг нуқсонлари ва хирургик касалликлари семиотикаси тавсифланган. Дарсликдан касалликларнинг тавсифи билан бирга рангли ва оқ-қора фото суратлар, тиббий текширувлар акс эттирилган расмлар ўрин олган.

– “Болалар хирургик касалликлари” номли дарсликнинг охирги марта нашр этилганига 7 йил бўлди, – деб ёзади муаллифлар дарслик кириш сўзида. – Ушбу давр мобайнида рўй берган сезиларли ўзгаришлар ва эришилган ютуқларни биз янги дарсликда акс эттиришга ҳаракат қилдик. Энг оғир ва мураккаб туғма нуқсонлар ҳамда орттирилган касалликларни замонавий жарроҳлик даволашнинг мақсад ва вазифалари нафақат бемор боланинг ҳаёти учун хавфни бартараф этишга, балки унинг максимал ижтимоийлашуви ва жамиятга мослашувига асосланган.

Қайд этилишича, болалар хирургиясининг ривожланишига антенатал ультратовуш текшируви ва магнит-резонанс томография каби замонавий ноинвазив ва ионлаштирмайдиган текшириш усулларининг кундалик клиник амалиётга жорий қилиниши катта туртки бўлди. Бу нафақат ривожланиш аномалиялари мавжуд бўлган болалар туғилиш хавфини ишончли равишда башорат қилишга, балки уларнинг туғилиш вақти ва усулларини мақбуллаштиришга ҳамда ҳаётининг биринчи соатларида сифатли ва ўз вақтида жарроҳлик коррекцияларини таъминлашга имкон беради. Пренатал ва перинатал ташхислаш, анестезиология, реаниматология ва жадал терапиянинг замонавий ривожланиши бола туғилганидан сўнг дарҳол кўплаб жарроҳлик амалиётларига тайёрлаш ҳамда уларни муваффақиятли тарзда амалга оширишга имкон беради.

  Дарслик таржимонлари бўлган самарқандлик маҳоратли болалар жарроҳларининг ёзишича, сўнгги йилларда болалар хирургиясининг жадал ривожланиши, жумладан, замонавий диагностика ва минимал инвазив даволаш усулларининг амалиётга кенг жорий этилиши соҳа вакиллари олдига янги талаблар қўйди. Аммо медицина олий ўқув юрти талабалари учун ўзбек тилида ушбу турдаги сўнгги ўқув адабиётлари 25 йил олдин чоп этилган. Шу сабабли янги “Болалар хирургияси” дарслигини нашр этиш зарурати туғилди. Мазкур янги дарсликда эса семиотика, клиник кўриниш, диагностика ва диференциал диагностика, турли хил хирургик касалликлари бўлган болаларни ёш жиҳатидан хирургик даволаш тамойиллари тушунарли тарзда баён этилган. Ҳозирги вақтда болалар хирургияси амалиётида қўлланилаётган янги, авайловчи ва юқори маълумотли диагностика усулларига катта эътибор қаратилган.

Биз учун яна бир аҳамиятли томони шундаки, дарсликнинг “Болалар хирургиясининг ривожланиш тарихи” деб номланган биринчи бобида Самарқанд давлат тиббиёт институтида болалар хириргияси курси ва кафедраси очилиши тарихи, профессор Азамат Шамсиев ташаббуси билан 1985 йилда Самарқанд вилояти 1-болалар касалхонаси негизида болалар хирургияси кафедраси ва 60 ўринли бўлим ташкил этилиши, 1990 йилда эса Самарқанд болалар хирургияси илмий маркази фаолияти йўлга қўйилгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Айни пайтда Самарқанд давлат тиббиёт университетининг ихтисослашган болалар хирургик клиникаси сифатида фаолият кўрсатаётган 200 ўринли муассасанинг наинки Самарқанд, балки бутун мамлакат болаларига замонавий тиббий хизмат кўрсатаётгани, уларнинг дардларига шифо бўлаётгани эътироф этилган.

Китоб сўзбошисида таъкидланганидек, мазкур дарсликнинг нашр этилиши нафақат тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари, клиник ординаторлар ва аспирантлар учун фойдали ва зарур бўлади, балки юртимиздаги болалар хирургларига ҳам уларнинг амалий ишларида ёрдам беради.