Болани калтаклаб туриш керакми?
Кеча дарсда талабалардан бири болага нисбатан зўравонлик ҳақида гап очди.
Шунда аудиториядаги барчага “ким болалигида ота-онасидан калтак еган?” деган саволни ўртага ташладим.
Бироз сукунатдан кейин бир қизгина жавоб берди:
- Мени асосан онам уриб турардилар. Кўпинча бу уй-рўзғор, овқат тайёрлаш юзасидан бўларди. Хамир қориш ёки хамирдан таом тайёрлашда ниманидир хато қилсам, ўқлов билан боплаб туширарди...
- Мени дадам камар билан қаттиқ савалаган, - деди бир йигит. - Чунки қаердалигимни айтмасдан, ярим тунда уйга кириб келгандим.
- Касал бўлатуриб, ўртоқларим билан копток ўйнаганим учун дадам мени хипчин билан савалаган, - деди яна бир талаба.
Кўринишидан содда, камтаргина, кўзойнак тақиб олган талаба отасининг машинасини сездирмай миниб кетгани учун росса калтакланганини гапириб берди (шу талабадан бунақа қилиқ чиқади, деб сира ўйламаган эдим).
Гарчи, талабалар ўзининг саваланиш тарихини сўзласа-да, аудиторияда самимий ва қувноқ кайфият бор эди. Ҳеч ким отаси ёки онасидан хафа бўлиб ёки нафратланиб гапирмади.
Шунда саволимнинг иккинчи қисмини ўртага ташладим:
- Калтак еганингиз учун ота-онангиздан хафамисиз? Ота-онангиз бу ишни қилмаслиги керак эди, деб ўйлайсизми?
Ҳалиги жавоб берганларнинг биронтаси ҳам саволга тасдиқ билан жавоб бермади. Барча бир овоздан бу ўз пайтида тўғри бўлганини, нима бўлса ҳам бу уларнинг тарбияси учун, ҳаётга тайёрлаш учун қилинганини таъкидлади.
“Энди оилада болани калтаклаб туриш керак, деганлар қўлини кўтарсин”, деб учинчи саволни бердим. Аудиториядаги чамаси ўттизта талабадан 26 таси тасдиқ билан қўлини кўтарди. Атиги учта талаба бунга қарши бўлди, иккита қиз бола ва битта ўғил.
Қарши бўлганларнинг ҳам фикрларини баён қилишларини сўрадим. Қизиғи, агар рост гапираётган бўлишса, улар бирон марта ҳам ота-онасидан калтак емаган экан. Нега болани уриб, савалаш керак? Ахир тўғри тушунтириб тарбияласа ҳам бўлади-ку?! “Мени ота-онам бирон марта ҳам уришмаган, мен буни қабул қила олмайман”, деганнамо жавоб беришди.
Демак, калтак еганлар калтакни, емаганлар эса оғзаки тушунтириб тарбиялашни, хуллас, ҳар ким “татиб кўрган” нарсасини маъқул кўрмоқда.
Баҳс-мунозара якунида талабалар энди менга юзланишди: “Сиз-чи, ўзингиз ота сифатида бунга қандай қарайсиз?”.
Саволга энди жавоб бераман, деб оғиз жуфтлаган эдим танаффусга қўнғироқ чалиниб қолса бўладими?..
Ғуломжон ҲАКИМОВ,
юридик фанлар номзоди, доцент.