Бўлган воқеа: Ота қарғиши
Мустафо мерганнинг хотини вафот этди. Юраги бир санчди-ю, хайрлашишга ҳам улгуролмади.
Мустафонинг боши қотди. 55 ёш қари десанг қаримас, ёш десанг ёшаммас. Ўғилларини уйлантирган, қизларини чиқарган. Икки йилча юрди, охири зерикди, ўттиздан ошиб, қирққа етмаган бир бева чиққанди, болаларининг ҳай-ҳайлашига қарамай, шартта уйланиб олди.
Уйланиб тўғри қилган экан, ҳаёти жонланиб кетди. Юзига қон югурди, эгни бут, қорни тўқ, танаси яйради. Кунда-кунора янги хотин билан етаклашиб бозорга боради, сархил мевалардан олади, келиннинг кўнгли тусаган кўйлакларни олиб беради, қизиқ-қизиқ хангомалар айтиб, чақчақлашади. Аммо...
Катта қизи у йўқлигида уйига келиб, роса жанжал кўтарибди. "Нега онамнинг кўйлакларини кийдинг?" деб аёлини юмдалабди, ерга ётқизиб урибди, устидаги кийимларини йиртиб ташлабди. Мустафо аввалига ишонмади. Бу ҳол кўп бор такрорланди. Қизи охири Мустафонинг ўзига рўбарў бўлди:
- Нега онам билан бирор маротаба бозорга етаклашиб бормагансиз? Нега онамни узукларини бу мегажин тақиб юрибди? Онамдан қолган сирғаларни нега бу қулоғига осиб, ҳаммага кўз-кўз қилади? Нега бунга ҳар куни битта янги кўйлак олиб берасиз? Уйимиздан кетсин! Агар кетмаса мен ўзим бўғиб ўлдираман!
- Қизим, мен яхши яшаётганимдан сен бахтли эмасмисан? Ҳамманг уй-уйингга кетасан, мен овқатсиз қолиб кетдим, ҳеч биринг мени ўйламадинг, устим кир, пайпоғим сасиган, ўзим ювдим, ўзим чой қўйдим. Биласан, онангни бир умр бошимда кўтариб юрдим, лекин тақдир экан, айрилиб қолдим, бу аёлга эрмакка уйланганим йўқ, ҳали яшашга мажбур эканим учун, уйландим. Мени ҳурмат қилсанг, уни ҳурмат қил, мени овунтириб юргани учун унга раҳмат айт. Яқинда фарзандли бўламиз, агар бу хонадондан оёғингни узилишини истамасанг, ўгай онанг билан муросангни тўғрилаб ол...
Қиз муросага кўнмади. Мустафо мерган йўқлигида укалари билан келиб, ўгай онани то қорнидаги боласи тушгунча юмалатиб тепди. Мустафо мерган ўн кун шифохона остонасида ётди. Болаларининг қилмиши учун ўн кун қон йиғлади. Соқоллари ўсиб, чўпдай озиб кетди. Болаларининг бирортасига қайрилиб қарамади.
Хотини шу-шу ўнгланмади. Яна бир йилга яқин яшади. Ранги сап-сариқ бўлиб бу ёруғ оламни тарк этди. Мустафо тобут ортидан ялангбош, кийимининг тугмалари қадалмаган афтода ҳолатда бўзлаб борди. Биринчи хотини ўлганда жимгина кўз ёш тўккан бўлса, бу хотини ўлганда ўкириб фарёд чекди. Унинг додига бутун қишлоқ аҳли йиғлади. Болалари кийгазган чопонни лойга улоқтирди. Кўкрагига муштлаб, юзини тимдалайверганидан, аъзойи бадани маматалоқ бўлиб кетди. Ноиложликдан фарзандларини қарғади, дуоибад қилди.
Афсуски, Мустафо мерган кўп яшамади. Қабристонга оёқяланг қатнай-қатнай қабр тепасида омонатини топширди: эрталаб қабрни қучоқлаб тарашадай қотиб ётган ҳолатда топишди.
Орадан йиллар ўтди. Одамлар бу воқеаларни аллақачон унутиб юборишган бўларди. Аммо бу воқеаларни бот-бот эсга солиб турадиган нарса шуки, Мустафонинг ўлимидан сўнг кўп ўтмай, катта қизи бир қўл, бир оёғи шол бўлиб, ўн беш йил фалаж ётди - ўлимни орзу қила-қила Ҳаққа жон омонатини топширди. Қиз ўн беш йил ит азобида яшади. Икки уканинг ҳам хотини ўлиб, ўн беш йил уларга ҳеч бир аёл турмушга чиқмади...
Муҳаммад Исмоил.