“Боқий шаҳар” атрофида йўловчилар учун бекатлар қуриладими?

Самарқанд туманидаги Жўйисой маҳалласида яшайман. Ҳудудда бир неча йилдан буён йўловчилар учун автобус бекатлари ўрнатилмагани боис ушбу мурожаатни йўллаяпман.

Кўчаларимиз таъмирланган бўлса-да, йўловчилар ёзда офтобда, қишда қор-ёмғир остида автобус ёки такси кутади.

Самарқанд халқаро туризм маркази, “Боқий шаҳар” жаҳон миқёсида ўтказилаётган турли анжуманларга мезбонлик қилмоқда ва бу ерга келаётган сайёҳлар сони ҳам ортяпти. Албатта, бу қувонарли ҳол. Бироқ шу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли учун автобус бекатларининг ҳанузгача ўрнатилмаётгани бизни ранжитмоқда.

Биз Самарқанд шаҳридаги Панжакент ва Абдураҳмон Жомий кўчалари чорраҳасида ихчам ва тўрт ёки беш ўриндиқли бекат намунасини кўрдик. Ушбу турдаги ихчам бекатларни бизнинг ҳудудда ҳам қўйишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ, деб ўйлаймиз.

“Боқий шаҳар”дан Самарқанд шаҳридаги 65-умумтаълим мактабигача бўлган йўналишда ҳаракатланувчи 77, 66, 60 ва 3-автобуслар тўхташ жойларини ўрганиб чиқишни ҳамда ихчам бекатлар ўрнатиб беришингизни сўраймиз.

Самарқанд туманининг Қўштамғали, Жўйисой ва Қозиариқ маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли, жумладан, фарзандларимиз, невараларимиз ҳар куни мазкур йўналишда ишга, ўқишга ҳамда бошқа юмуш билан ҳудудларга боради. Шу боис мутасаддилардан ушбу муаммони ҳал қилиб берсалар яхши бўларди.

Фирдавс Болтаев, пенсионер.