Бор-йўғи 2 килограмм вазнли аёл

Мексикалик қиз Лусия (баъзи ҳужжатларда Лючия) Сарате ҳеч қандай хоҳиш ва ихтиёрсиз “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган. Гап шундаки, Лусия юз йилдан ортиқ вақт давомида инсоният тарихидаги энг енгил вазнли қиз бўлиб қолди.

Бу рекордни янгилашнинг деярли иложи бўлмади, чунки вояга етган пайтида бу мексикалик қизнинг вазни атиги икки килограмм бўлган. Номаълум касаллик туфайли унинг ўсиши онасининг қорнидаёқ тўхтаб қолди. Бироқ бу фарзанднинг тана нисбатлари ва ақлий қобилиятига таъсир қилмади. Ақл-идрок нуқтаи назаридан Лусия ўз тенгдошлари билан тенг эди, лекин ташқи кўриниши эртакдаги енгил қушга ўхшарди.

“Мини” қизалоқ

Луcиа 1863 йилнинг 2 январида Сан-Карлос шаҳрида кўп болали оддий  бўйли кишилар оиласида туғилди.

Митти Сарате замонавий илм-фанга маълум бўлган паканаларни мағлуб этди. Айтишларича, янги туғилган қизнинг вазни атиги 226 грамм, бўйи эса 20 сантиметр бўлган. Ушбу маълумотлар ҳужжатлаштирилмаган ва шифокорлар икки килограммдан кам бўлган вазн билан омон қолишнинг иложи йўқлигини таъкидлайди. Шусабабли улар боланинг ўсиши тахминан бир ёшгакелиб тўхтаб қолганлиги ҳақида гапиришади.

Қандай бўлмасин, 17 ёшида Лусиянинг бўйи тахминан 35 сантиметр, оғирлиги эса икки килограммдан бир оз кўпроқ эди. Шу билан бирга, ўсмирнинг ақлий ривожланиши ёшига тўлиқ мос келарди.

Шубҳали машҳурлик

XIX асрнинг охирида машҳур бўлган барча турдаги фрик шоулардан  бирининг эгаси Лусия ҳақида эшитиб қолди, у ота-онасига унга яхши қарашга ва муносиб маош беришга ваъда бериб, 12 ёшли қизалоқни ўз труппасига ишга олди. Янги цирк артисти ушбу труппа билан биргаликда АҚШга жўнаб кетди.

Саратенинг ноёб гавда бичими унинг шуҳрат қозонишини таъминлади. Қиз тез орада машҳур бўлиб, турли труппалар ва шоулардан кўплаб таклифлар олди. У муносиб пул ишлаб топишга муваффақ бўлди ва топганларининг кўп қисмини оиласига юборарди.

Фожиали ўлим

Жуда машҳур бўлиб кетган Лусия кўплаб шоуларда қатнашиши туфайли тез-тез шаҳардан шаҳарга кўчиб ўтишига тўғри келарди. 1890 йилнинг қишида бўлиб ўтган кейинги саёҳат санъаткор учун аввалгиларидан фарқ қилмаслиги керак эди. Бироқ гуруҳ кетаётган поезд Калифорниянинг Серра-Невада тоғларини кесиб ўтиши керак бўлган пайтда кучли қор ёғиб, бўрон бошланди, шу сабабли поезд йўл ўртасида қолиб кетди. Ёқилғи чекланган вақтга мўлжалланган эди ва тез орада вагонлардаги ҳарорат пасая бошлади. “Кичкина” цирк артистлари бу совуқни оддий одамларга қараганда қийинроқ бошдан кечирди.

Лусия бир неча иссиқ адёлга ўралган бўлишига қарамай, қаҳратон совуқдан омон қолмади.  27 ёшли қиз тана совиб кетиши оқибатида вафот этди. Худди шундай аянчли қисматга дуч келган яна бир қанча миттилар ҳам бу сафардан омон қайтмади.

Тан олинган рекорд

Мексикалик Лусия Сарате ҳаёти давомида, дастлаб оксфордлик шифокорлар ва олимлар томонидан текширилиб, 1876 йилда энг енгил қиз унвонига сазовор бўлди. Ўша пайтда қиз 12 ёшда эди, лекинбунга шубҳа қилган экспертлар газеталарда қизалоқни олти ёшга тўлган қилиб кўрсатишди. Бироқ, бу қалбакилик Лусиянинг Гиннес рекордчиси бўлишига тўсқинлик қилмади, унинг исми ҳали ҳам бу китобдаги рўйхатдан жой олган.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.