Ботга мурожаат: “Тоза ҳудуд” эгасиз қолиб кетдими ёки эътиборсиз?

Тойлоқ тумани Янги Ҳаёт маҳалласида яшайман. Яхши ниятлар билан ташкил этилган “Тоза ҳудуд” ўз фаолиятини бошлаганида “Яхши бўлди, энди чиқинди уюмларидан қутуларканмиз”, дегандик. Сабаби, биз яшайдиган қишлоқ жойларида чиқинди ташиш тизими йўқ эди. Одамлар асосан бирор каттароқ ўрага чиқиндиларни ташлаб юборишар ва унинг атрофида бадбўй ҳид анқирди.
Афсуски, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Чиқинди машиналари қишда деярли келмай қўйган бўлса (ёқилғи муаммоси), ҳозирги ёз ойларида айнан қачон келишини билмаймиз, тартиб, режа, графикнинг ўзи йўқ, бўлса ҳам амал қилинмайди.
Буниси майли, соҳада энди асоссиз қарздорлик, қўшиб ёзишлар ҳам урчий бошлади. Биз оиламизда 5 киши яшаймиз, аммо “Тоза ҳудуд”да 7 киши деб кўрсатилган ва шу асосда тўлов ундириш кўзда тутилган. Сўрасангиз “тушунмовчилик” дейишади-ю, ярим йилдан буён ташкилотда ҳеч ким буни ўзгартиришни истамайди. Қизиқ, бизга ўхшаб “кўпайиб” кетган оилалар туманда, вилоятда нечта бўлса?..
Хуллас, бу ташкилотни тартибга оладиган мард керак.
С.Ҳафизов,
Тойлоқ тумани.