Ботир Жабборов: Ургут тумани маркази янги массивга кўчади

Ургутда ер масаласи ҳам оғир. Энди ёнга эмас, тепага қараб ўсишимиз керак

 Ургут республикамиздаги аҳолиси энг кўп туманлардан бири. Айни пайтда 529 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллалар ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан анча кўп – 111 та. Шу боис, туманда аҳоли учун замонавий турмуш шароитлари яратиш, доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш, бандлик даражасини ошириш, инфратузилмани ривожлантириш туман раҳбарларидан алоҳида масъулият, ташаббускорлик ва, албатта, фидойилик талаб қилади. Қолаверса, азалдан ишбилармон бўлган ургутликларнинг бу борадаги интилишларини қўллаб-қувватлаш ва имкониятлар яратиш ҳам долзарб вазифа саналади. Туман ҳокими Ботир Жабборов билан ана шу масалалар, Ургутнинг бугуни ва эртанги куни ҳақида суҳбатлашдик.

– Ургут туманига ҳоким бўлганингиздан буён бир йилча вақт ўтди. Албатта, зиммангизга катта вазифалар қўйилган, ўзингизда ҳам мақсадлар, режалар бўлган. Ўтган бир йил ичида бу вазифа ва мақсадларга қай даражада эришдингиз?

– Аввало, одамлар орасида юришга, уларнинг яқин кишиси, елкадоши бўлишга интилдим. Маҳаллаларга, хонадонларга кирдим. Туманни ривожлантириш, Президентимиз олдимизга қўйган вазифаларни ургутликлар билан ҳамжиҳатликда, бамаслаҳат амалга оширишимиз кераклигини, ҳаётимизни ўзгартириш, замон талабига мос яшаш ўзимизга боғлиқлигини одамлар онгига сингидиришга ҳаракат қилдим.

Бу борада тизим яратиб берилган, туман раҳбарлари, яъни сектор етакчиларининг вазифа ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган. “Маҳаллабай”, “хонадонбай” юриб одамларнинг ҳаётини, жойлардаги муаммоларни ўргандик. Камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳар бир маҳалланинг мавжуд имкониятлари ва “ўсиш нуқталари”ни аниқлашга эътибор қаратдик. Шу асосида дастурлар, “йўл хариталар”и ишлаб чиқиб, ҳар бир маҳаллани қамраб олдик. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда доимий даромадга эга бўлмаган оилалар билан ишлаш тизими яратилди.

Ўтган йили пандемия даврида туманимиз бўйича “Темир дафтар”га 7422 оила киритилган эди. Йил давомида 7064 та оиланинг доимий даромад манбаи яратилиб, «дафтар»дан чиқарилди. Ҳозир рўйхатда 358 та оила қолмоқда.

“Аёллар дафтари”да йил бошида 9615 хотин-қиз қайд этилганди. Шу пайтгача уларнинг муаммолари ҳал этилиб, доимий даромад манбаига эга бўлди. “Ёшлар дафтари”даги 4111 йигит-қиздан 3923 нафарининг масаласи ижобий ечим топиб, улар ҳам бугун ҳаётини изга тушириб олди. Ана шу уч «дафтар»га киритилган аҳоли қатлами муаммоларини ҳал этсак, жойлардаги кўп масалаларга ечим топилади, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлашади. Фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири шу бўлди.

Бундан ташқари, туман иқтисодиётини мустаҳкамлаш, ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилди. Тадбиркорлик субъектлари узлуксиз ишлашини таъминлаш, бюджетга тушумлар миқдорини кўпайтириш чораларини кўрдик. Бир йил давомида 100 га яқин катта-кичик саноат корхонаси ташкил этилди ва уларда тўрт мингга яқин кишининг бандлиги таъминланди. Ургутда илк бор пиллачилик кластери ташкил этдик ва 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Пиллани қайта ишлаб тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш учун ип-йигирув фабрикаси ташкил этяпмиз. Йил якунига қадар корхона ишга туширилади ва 80 яқин хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлади.

Қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, ердан самарали фойдаланиш, тоғ ва тоғ ёнбағрида боғлар ташкил этиш лойиҳаларини амалга оширдик. Бир йилнинг ичида 3,5 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси йўлга қўйилди. Айни пайтда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Терак” маҳалласида фойдаланилмай ётган 50 гектар ерни дарахт экишга тайёрлаб, боғ яратяпмиз.

Йўллар масаласи ҳам Ургутдаги энг оғриқли муаммолардан биридир. Вилоят ҳокимлиги ёрдам билан жорий йилнинг ўзида 100 километрга яқин йўл асфальт қилинди. Ҳозирги кунда “Мирзабоғон-Чеп” маҳалласида 7,7 километр, “Терсак”да қарийб 10 километр қишлоқ йўлига асфальт ётқизилмоқда.

Бу йилги “Обод қишлоқ” дастурига “Ўроқбойжар” ва “Ваткан-Қўзибек” маҳаллалари киритилган эди. Мазкур ҳудудларда аҳоли турмуш даражасини ошириш, замонавий инфратузилма яратиш, ижтимоий соҳа объектлари қуриш ва таъмирлаш учун давлат бюджетидан 34 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бунга қўшимча равишда маҳаллий бюджет ва ҳомийлар ҳисобидан қарийб 45 миллиард сўм сарфланиб, лойиҳада белгиланган ишлар ортиғи билан бажарилди. Иккала маҳаллада ҳам бир қатор янги объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу каби ишлар туманимиз маркази ва олис ҳудудлардаги, жумладан, “Мирзабоғлон-Чеп”, “Бекравот”, “Сариқтепа”, “Манғитобод” маҳаллаларида амалга оширилди. Ўз биносига эга бўлмаган 31 та маҳалла фуқаролар йиғини учун бино қурилмоқда.

Йил давомида 300 га яқин мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши ҳисобига туман бўйича болаларнинг боғчага қамрови 32 фоиздан 65 фоизга етди.

Шу ва бошқа йўналишлардаги ишларимизни кенг кўламда давом эттиряпмиз.

– Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг апрель ойида Самарқандга ташрифи чоғида “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишган, тадбиркорлар билан суҳбатлашган эди. Ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор вазифалар белгиланганди. Бу вазифаларнинг ижроси қандай бўлди?

– “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ташкил бўлиши давлатимиз раҳбарининг 2016 йилда Ургутда бўлиб, тадбиркорлар фаолияти билан танишишига бориб тақалади. Ўшанда туманимизнинг Мерганча массивида ташкил этилган саноат ҳудудидаги ишлаб чиқариш жараёнлари, тадбиркорларнинг режа ва мақсадлари Президентимизга маъқул келган, шунингдек, ўзи ҳам бир қатор таклиф ва ташаббусларни билдирган эди. Ана шу ташрифдан кўп ўтмай, 2017 йил январь ойида юртимизнинг бир қатор ҳудудларида, жумладан, Ургутда ҳам эркин иқтисодий зона ташкил этилди. Демоқчиманки, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифи ургутликлар учун ўзига хос из қолдирган, ислоҳотлар жадаллашувига асос бўлган. Шу жиҳатдан бу галги ташриф ҳам иқтисодий зона фаолиятида, ургутликлар ҳаётида янги саҳифа очди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонаси учун шу пайтгача туманимиздан ташқари Самарқанд шаҳри, Паст Дарғом, Нуробод туманларидан ер майдонлари ажратилган. 602,2 миллион долларлик 96 лойиҳа ишлаб чиқилиб, ҳозиргача 335 миллион долларлик 59 лойиҳа ишга туширилди. Енгил саноатда 27 та, электротехникада 11 та, чарм-пойабзал тармоғида 14 та ва бошқа соҳаларда 8 та корхона ташкил этилди. Улар 2017-2021 йилларда 60 турдаги 100 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди ва қарийб 4000 та янги иш ўрни яратилди.

Давлатимиз раҳбари вилоятнинг барча ҳудудларидан эркин иқтисодий зона учун ер майдонлари ажратиш топшириғини берган эди. Ҳозир бу иш давом этмоқда. Жумладан, туманимизнинг Ўрамас массивида 50 гектар майдон ажратилиб, тадбиркорларнинг лойиҳалари жойлаштирилмоқда.

Маиший техника буюмлари ва замонавий эшиклар ишлаб чиқарувчи “SAM-FERRE” хусусий корхонаси “Ургут” эркин иқтисодий зонасига аъзо бўлди ва у фаолиятини кенгайтириши учун қарийб 5 гектар ер берилди. Президентимиз билан учрашган ушбу корхона эгаси учта лойиҳани амалга ошириб, совитгич, чангютгич ишлаб чиқаришни ва пластикни қайта ишлаб, музлаткичлар учун керакли жиҳозларни тайёрлашни йўлга қўйди.

Бу битта корхона мисолида эришилган натижалар. Яна ўнлаб ишлаб чиқарувчиларимиз фаолиятида ана шундай янгилик, ўзгаришлар бўлди. Юзлаб янги иш ўринлари яратилди. Биргина “URGAZKARPET” масъулияти чекланган жамиятида қиймати 14,1 миллион доллар бўлган гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 229 та иш ўрни ташкил этилди. 3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

– Дарвоқе, бу йил давлатимиз раҳбари фармонига кўра, юртимиздаги 13 та туман қаторида Ургут ҳам инновацион ҳудудга айлантирилмоқда. Бу жараён қандай кечмоқда?

– Бугунги ҳаётимизни замонавий инновациялар, илм-фан ютуқларисиз тасаввур қилиш қийин. Шу жиҳатдан Президентимизнинг 2021 йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони тарихий аҳамият касб этди. Туманларни инновацион ҳудудга айлантиришда, аввало, илм-фан натижаларини тез суръатларда жорий этиш ва шу орқали аҳолининг оғирини енгиллатиш, одамлар қаерда яшашидан қатъи назар, инновациялардан баҳраманд бўлишини таъминлаш мақсад қилинган. Бу борада Инновацион ривожланиш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Қисқа вақт давомида бир қатор лойиҳаларни амалга оширишга ҳам эришилди.

Жумладан, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали олимлари томонидан яратилган такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилмадан фойдаланиш йўлга қўйилди. Мазкур қурилманинг қўлланилиши сувнинг 17,3 фоиз тежалишига ва ёнилғи сарфининг 2,8 карра камайишига, меҳнат унумдорлиги эса 25 фоиз ошишига олиб келади.

“Ақлли шаҳар” лойиҳаси асосида туман марказида видеокузатув воситалари ўрнатиш давом этмоқда. Қишлоқ хўжалиги, хусусан, доривор ва техник ўсимликлар етиштириш, йўл қурилиши, электротехника, автомобилсозлик соҳаларида ҳам кўплаб инновацион технологиялар қўлланилмоқда.

Туманимиз учун энг оғриқли масалалардан бири бўлган йўлларнинг сифатини ошириш мақсадида йўл қурилишига Австралия технологиясини татбиқ этиш таклиф этилмоқда. Анъанавий асосда 250 квадрат метр йўл қурилиши учун кетган вақтда бу технология ёрдамида 5 квадрат метр йўл қурилишига эришилади. Йўл қурилиш харажатлари 1 квадрат метри 120 минг сўмдан 50 минг сўмга қисқаради, йўлдан фойдаланиш муддати эса 4 йилдан 15 йилга ошади. Бундан ташқари, йўл қурилишининг экологик хавфсизлиги ҳам таъминланади. Ушбу йўналишдаги ишлар самараси яқин орада туманимиз халқи ҳаётида ўз аксини топади.

– Ургут юртимиздаги аҳоли энг гавжум яшайдиган ҳудудлар қаторига киради. Бу эса аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини йил сайин оширмоқда. Ушбу масалага ечим сифатида икки йил аввал туманнинг Мерганча массивида 12 қаватли уйлар қурилиши бошланганди. Негадир ҳозир бу иш тўхтаб қолган. Бунинг сабаби нимада ёки туманда уй-жой қурилиши бўйича янги лойиҳалар борми?

– Ҳа, албатта, туманимиз аҳолисини уй-жой билан таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири. Шу билан бирга, Ургутда ер масаласи ҳам оғир. Энди ёнга эмас, тепага қараб ўсишимиз керак. Шу мақсадда кейинги беш йилда Мерганча массивида 30 дан ортиқ кўп қаватли уй қурилиб, уй-жойга эҳтиёжманд аҳолига имтиёзли шартларда берилди. 2019-2020 йилларда эса туманимизда илк бор “Agromir buildings” МЧЖ томонидан 336 хонадонга мўлжалланган 12 қаватли 6 та уй қурилди. Ушбу уй-жойларга икки йил давомида аҳоли кўчиб кирди. Бунинг учун субсидия ҳам ажратилди. Бундан ташқари, айни пайтда туманимиз марказида хусусий қурилиш компаниялари ва тадбиркорлар томонидан 6, 7 ва 9 қаватли 14 та уй қурилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида аҳоли зич жойлашган ҳудудларда 20 хонадонга мўлжалланган беш қаватли, битта йўлакли уйларни намунавий лойиҳа асосида қуриш таклифини билдирган эди. Бу турар жойлар бошқа кўп қаватли уйларга қараганда 33 фоиз арзонроқ бўлиши таъкидланганди. Шу топшириқдан келиб чиқиб, Мерганча массивида бу йил 12 та ана шундай кўп қаватли уй қурилмоқда. Бу уйларнинг 5 та таси, яъни 100 хонадон “янги тартиб” (субсидия) асосида аҳолига ажратилди.

2022-2026 йилларда туманимизда 8570 хонадонли 189 та кўп қаватли уй-жой қурилиши режалаштирилган. Жумладан, Янги Ўзбекистон массиви учун Мерганча ҳудудидан 41,6 гектар ер ажратилиб, лойиҳалар тайёрланмоқда. Бу ерда “янги тартиб” асосида 180 хонадонли 9 та 5 қаватли ҳамда хусусий тадбиркорлар томонидан қарийб 5 минг хонадонга мўлжалланган 96 та 7, 9 ва 12 қаватли уй-жойлар қурилади. Ҳозиргача 60 та уйнинг лойиҳаси тайёрланди.

Туман маъмурий маркази ҳам ушбу ҳудудга кўчирилади ва туман ҳокимлиги учун 7 қаватли бино қурилади. Президент Халқ қабулхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, иқтисодий комплекс ва ташкилотларни шу бинода жойлаштириш мўлжалланмоқда. Айни пайтда лойиҳа тайёрланиб, тасдиқлаш учун тегишли ташкилотларга тақдим этилган.

Шунингдек, массивда 1200 ўринли умумтаълим мактаби, иккита 300 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника, иккита сув иншооти, маҳалла маркази, истироҳат боғи, спорт комплекси, йигирмадан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилади.

Массив аҳолиси бандлигини таъминлаш мақсадида 4 гектар ер ажратилиб, кичик саноат зонаси ташкил этилади ва 22 та лойиҳа амалга оширилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 80 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилади ҳамда 450 янги иш ўрни яратилади.

Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон массиви бугун мамлакатимизда “Инсон қадри учун!” ғояси асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлади.

– Туман маркази янги массивга кўчгач, Ургут шаҳарчаси ҳудуди фақат аҳоли яшаш манзили бўлиб қоладими ёки бу ерда ҳам лойиҳалар кўзда тутилганми?

– Ҳозирги марказда маҳаллалар жуда кўп ва хонадонлар зич жойлашган. Одамлар асосан ҳунармандлик, тадбиркорлик билан шуғулланади. Шаҳар марказидан эса Ургутсой оқиб ўтади ва унинг атрофида кўркам дам олиш масканлари, хиёбонлар ташкил қилиш мумкин. Буларнинг барчаси шаҳарда ҳунармандлик, кичик тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш имконини беради. Шу орқали бу ерни сайёҳлик марказига айлантиришни режалаштирганмиз. Ургутга келган меҳмон борки, Чорчинор, Ғавсул Аъзам сингари муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни истайди. Ёз ойларида эса тоғ бағридаги дам олиш масканлари аҳолининг севимли жойига айланади. Ана шу қадамжолар ва оромгоҳларга бормоқчи бўлган киши, албатта, Ургут шаҳридан ўтади.

Бундан ташқари, Тахтиқорача довони ўтган Қоратепа, Омонқўтон ва Терсак маҳаллаларини экотуризм масканига айлантириш бўйича ҳаракатларни бошлаганмиз. “Туризм қишлоғи” мақомини олаётган Терсакда биргина шу йилнинг ўзида 25 та меҳмон уйи очилди. Қишлоқда маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар келиб ҳордиқ чиқариши, миллий урф-одат ва анъаналаримиз билан танишиши учун имконият яратилмоқда. Омонқўтон маҳалласида 50 миллиард сўмлик лойиҳа асосида замонавий дам олиш маскани ташкил этилмоқда. Бу ердаги тоғда канат йўли ташкил этиш бўйича 100 миллион долларлик лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳага Франция ва мисрлик тадбиркорлар катта қизиқиш билдирган. Мисрнинг яқинда туманимизга келган элчиси билан учрашувда ҳам мазкур лойиҳа бўйича фикр алмашдик.

Маҳаллий сайёҳлар кўп келадиган “Хўжайдуқ” маҳалласидаги Ширвоқота зиёратгоҳини обод қилиш ва бу ерга хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш бўйича ҳам ишлар бошланган.

Умуман, Ургутда туризм соҳаси ҳам иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим йўналишига айланиши учун имконият жуда катта. Бу имкониятдан самарали фойдаланиш бўйича мақсад ва режаларимиз бор.

– Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича Ургут қандай ишлар олиб борилмоқда?

– Кейинги беш йилда юртимизда таълим ва тиббиётга жуда катта эътибор қаратилиб, халқимизнинг ушбу соҳалардан розилигини таъминлаш учун давлатимиз томонидан жуда катта маблағ йўналтирилмоқда. Коронавирус пандемияси шароитида халқимизнинг ушбу балодан эсон-омон, кам талафот билан чиқиши учун тиббиётга ажратилган маблағ, соҳа ходимларига давлат томонидан кўрсатилган эътиборнинг чек-чегараси бўлмади. Шаҳарлардаги ихтисослашган марказлардан бошлаб, энг олис қишлоқлардаги бирламчи тиббий муассасалар фаолиятигача эътибор қаратилиб, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Сўнгги русумдаги тиббий ускуналар келтирилди. Мақсад – халқимизга юқори сифатли, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш, одамларнинг тиббиётдан розилигига эришиш.

Ушбу мақсад йўлида жорий йил давомида биргина туман марказий шифохонасига 24 миллиард сўмлик тиббиёт асбоб-ускуналари келтирилди. Биринчилар қаторида туманимизда янги гемодиализ, чақалоқлар ва болалар реанимация бўлимлари, қўшма шикастлар ва ўткир юрак-қон томир касалликлари маркази фаолият бошлади. Бирламчи тиббий хизматга эътибор қаратилиб, туман аҳолиси тўлиқ тиббий хатловдан ўтказилди ва тўрт гуруҳга ажратилди. Беморлар рўйхати шакллантирилиб, уларга касалликларига қараб 66 турдаги дори-дармон бепул ажратилмоқда.

Шу йилнинг ўзида 6 та оилавий шифокорлик пункти республика ва маҳаллий бюджетдан ажратилган қарийб 8 миллиард сўм маблағ эвазига янгидан қурилди. Йил якунига қадар яна 2 та шундай пункт қурилиши бошланади.

Бундан ташқари, жорий йилда туманда 5 та янги хусусий тиббий клиника фаолият бошлади ва уларнинг умумий сони 23 тага етди. Келгуси йилда эса туман туғруқ мажмуаси негизида туманлараро перинатал марказ ташкил этилади.  Телетиббиёт фаолиятини такомиллаштириш, генетик лаборатория ташкил этиш, 4 та оилавий шифокорлик пунктини таъмирлаш, туман тиббиёт бирлашмасига ангиограф ускунасини ўрнатиб, юракда стентлаш амалиётини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Таълим сифатини ошириш, фарзандларимизнинг пухта билим олишини таъминлаш бўйича ҳам яқин ва узоқ йилларга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиққанмиз. Бунда, аввало, болаларнинг мактабгача таълимга қамровини янада ошириш ва мактабларда таълим самарадорлигига эришишни мақсад қилганмиз. 2019/2020 ўқув йили якунларига кўра туманимиз таълим сифати рейтинги бўйича вилоятда энг охирги ўринда эди. Вилоят ҳокимлиги ёрдамида мактабларимиз Самарқанд шаҳридаги бешта олий ўқув юртига бириктирилиб, ўқув-услубий томондан ёрдам берилгач, ўтган ўқув йилида кўрсаткичларимиз яхшиланди. Битирувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари анча ошди. 2020/2021 ўқув йилида тумандаги умумтаълим мактабларини битирган 6868 йигит-қизнинг 1728 нафари (25 фоизи) олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ургутда Самарқанд давлат университетининг филиали ташкил этилмоқда.

Бугун юртимизда ҳаракатлар стратегиясидан тараққиёт стратегияси сари амалга оширилаётган ишлар Ургут ва ургутликлар ҳаётида ҳам ўз аксини топмоқда. Ушбу мақсад йўлида халқимизга хизмат қилиш, туман аҳли розилигига эришиш биз – раҳбарларнинг асосий мақсадимиз.

Ғолиб Ҳасанов суҳбатлашди.