Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бўзатовга борадиган 12 нафар самарқандлик аниқланди

Самарқандда  “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маданият ва санъат йўналиши бўйича “Ёшлар овози” Бўзатов FEST танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда танловнинг қуйи босқичларида ғолиб бўлган 145 иштирокчи уч (10-15, 16-22 ва 23-30) ёш тоифасида бахшичилик, анъанавий ижро (мақом, катта ашула), опера ва эстрада йўналишларида ўз иқтидорини намоён этди.

Танлов қатнашчиларининг чиқишларини нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди ва якунда барча ёш тоифалари ва йўналишлар бўйича 12 нафар ғолиб аниқланиб, мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

– Танловда жуда кўплаб истеъдодли тенгдошларимни кўрдим, улар билан тажриба алмашдик, – дейди 16-22 ёшлилар тоифасида анъанавий ижрочилик йўналиши ғолиби Отабек Абдуллаев. – Айни пайтда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида таҳсил оламан. Албатта, ғолибликни қўлга киритишимда институтда олган билимларим, устозларимнинг ўгитлари ас қотди. Энди насиб этса, республика босқичида ҳам муносиб иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллашни ният қилиб турибман.

Ёшлар ишлари агентлиги ва маданият вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда 2021 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур танлов бахшичилик, анъанавий ижро, опера ва эстрада йўналишларида ижод қилаётган ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этиши учун кенг йўл очиб бериш, ҳаваскор ва профессионал ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган.

Танловнинг мамлакат босқичи ғолиблари 20 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача мукофот пули билан тақдирланади. Шунингдек, ушбу бочқичга чиққан бошқа қатнашчиларнинг ҳар бири 10 миллион сўмдан рағбатлантирилади. 

Бу йилги танловнинг якуний босқичи май ойида Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида ўтказилади.