Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Бозор кўрмаган йигит»нинг галстуги

1996 йилнинг ёзида Самарқанд давлат университетини битириб, уч курсдош - Манноб Ибодуллаев, Уйғун Рўзиев ва мен “Зарафшон” газетаси таҳририятига келиб, фаолиятимизни мусаҳҳиҳликдан бошлаганмиз. Бир куни саҳифа ўқиётсак, масъул котиб Адҳам ака мени чақириб, тезда вилоят ҳокимлигида ўтадиган йиғилишга боришимни тайинлади.

- Йиғилишда қатнашиб барча маълумотларни ёзиб олинг, иложини топиб, бир-икки кишидан интервью ҳам уюштиринг, - деди.

Буни эшитиб шошиб қолдим, чунки келганимизга бир ҳафта ўтгани йўқ, ҳали бирор марта мажлисларга бориб кўрмаган эдим.

Иқтисодиёт бўлими бошлиғи Абдурасул Сатторовнинг хонасига секин бош суқдим.

- Ҳа, ука, келинг, нима хизмат?

- Менга ҳокимиятга бориб мақола тайёрлашимни айтишяпти, тўғриси, нима қилишимни билмаяпман, - дедим. 

- Сиз ўзи ишга яқинда келгансиз, лекин масъулиятли иш топширишибди-ку. Қўрқманг, шимингиз тўғри келади, кўйлак ҳам ёмонмас, лекин оёқдаги кроссовка бўлмайди, алмаштиринг.

Сўнг мухбир Акбар Қаршиевнинг олдига бордим.

- Акбар дўстим, бир илтимосим бор, «срочно» йиғилишга борадиган бўлиб қолдим, лекин кроссовкада мумкин эмас экан, - дедим унинг оёғидаги 44-ўлчамдаги қора туфлига ишора қилиб. – Шу туфлингни бериб турсанг. Дарров бориб келаман.

- Сенга сиғадимикан, анча каттадир-ов, - деди бергиси келмайроқ бўлиб. 

- Илтимос, сал катта бўлса бордир лекин, йиғилишда шарманда бўлмайин, бериб тур.

У кўп ялинтирмади - дарров ечиб берди. Кроссовкамни унга бериб, қарасам ростдан ҳам анча катта экан. Иложи йўқ, туфлининг учига латта тиқиб олдим. Барибир шопиллаб қолди.

Яна Абдурасул аканинг олдига чопдим.

- Ака, қарангчи, энди бўладими?

- Энди дуруст, - деди. – Ие, бўйнингизга галстук борми?       

- Нима, галстук ҳам керакми?

- Албатта, усиз бўлмайди.

- Галстук йўқ эди-да.

- Галстуксиз бўлмайди, йиғилишга борганда ҳамма эътибор қилади. Айниқса, ҳокимлар. Редакция ходими галстуксиз келганини кўрса нима дейди. Яхшиси Ўктам акангиз (Қурбонов)дан сўраб кўринг. У киши доим галстукда юради, ортиқчаси бўлса бериб турар.

Дарров Ўктам аканинг олдига югурдим.

- Устоз, мени йиғилишга жўнатишмоқда, галстугингизни бериб туринг.

Ўктам ака менга бироз тикилиб турдида, “мен, ҳозир” деб ичкари хонага кириб, қизил чизиқли қора галстук олиб чиқди.

Шу пайтгача бирор марта галстук тақмаган эдим. Жуда пўрим қилиб юборди. Бўйнимга тақиб қўяркан, “Ярашди”, деди Ўктам Қурбонов.

- Бу кимники ўзи?

- Тақиб юравер, эгаси сўраса берасан.

Шу билан турли тадбир ва йиғилишларга шу қизил чизиқли қора галстукда боравердим.

Кунларнинг бирида бош муҳаррир ўринбосари Азиз Йўлдошев чақириб, бир мақола ёзишни топширди, бироқ уни ёзишга жой тополмадим, чунки ҳамма хоналар банд эди. Яна Ўктам аканинг олдига келиб, дардимни айтдим. Ёнидаги хонани кўрсатиб, “шу ерга кириб ёзақол, Жамол ака эшитса ҳам сенга рухсат беради”, деди.

- Қайси Жамол ака? - дедим. 

- Бу Жамол Турсуновнинг хонаси, ўзи ҳозир шифохонада, тез кунда чиқиб қолса керак, унгача ўтириб ёзишинг мумкин, - деди.

Хуллас, ўшанда оқдарёлик журналист Жамол Турсунов шу хонада ишлашини билиб олдим.

Бир ойларча шу хонада мақола ёзиб турдим. Кунига ўнлаб одамлар Жамол акани сўраб қўнғироқ қилади. Унинг беморлигини билмаганлар эса сўраб келади. Худдики, Жамол акани анча йиллардан бери биладигандай у киши учун жавоб ҳам бериб юрдим.

Бир куни қоғоз қоралаб ўтирсам, эшик очилиб бир киши хонага кириб келди. Бошимни кўтарсам, не кўз билан кўрайки рўпарамда «Бозор кўрмаган йигит» видеофильмидаги бош роль ижрочиси Ҳусан Мусабоев турибди. Нима дейишимни билмай қолдим. Шошилиб салом бериб, ўрнимдан турдим. Наҳотки, таниқли актёр келган бўлса? Гастрол пайти редакцияга интервью бергани келдимикан? Ўша вақтларда «Бозор кўрмаган йигит» фильми жуда машҳур эди.

- Ўтириб ишлайверинг, ука, - деди у.

- Жамол Турсунов йўқ эди, Ҳусан ака, агар излаб келган бўлсангиз... - дея жавоб бердим.

- Э, у қаерда ўзи? - савол билан қаради.

- Бетоб, шифохонада даволанаяпти.

- Қачон келади?

- Билмадим, бир-икки кунда ишга чиқса керак.

- Яхши, - деди меҳмон теварак-атрофга разм соларкан. – Ие, галстукни қаердан олдингиз?

Шошиб «бозордан», деворибман.

- Қаердан, “Жамол бозор”данми?

- Жамол бозор эмас, Сиёб бозоридан, - дедим.

Шу пайт эшик очилиб, Ўктам ака билан Адҳам ака кириб келди ва «Бозор кўрмаган йигит» билан қучоқлашиб кўриша бошлади.

- Жамол ака, бормисиз, роса соғинтирдингиз-ку, саломатмисиз?

- Яхши бўлиб кетдингизми? - дея ҳол сўрашди. 

Ўрнимдан секин туриб, галстукни еча бошладим.

- Тўхта, ука, қаердансан? – деди Жамол ака.

- Оқдарёдан, - дедим шошиб.

- Майли, бегона эмас экансан. Ечма уни. Ростдан, галстук ҳам, шу ўриндиқ ҳам сенга ярашибди, мендан сенга совға, - деди эндигина таниганим Жамол ака.

- Йўғ-ей, узр, бир марта тақиб йиғилишга бориб келувдим, - дедим хижолат бўлиб.

- Майли, бундан кейин кўчада ҳам, ухлаганингда ҳам тақиб ётавер, - деди ҳазиллашиб.

Таниқли журналист Жамол Турсунов билан илк танишувимиз шундай бўлганди.  

Дилмурод Тўхтаев.

P\s. Жамол Турсунов - вилоят матбуоти ривожи, равнақи учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган тажрибали журналист. Оқдарё тумани, Бугажил қишлоғида таваллуд топган.

1968 йилда ўрта мактабни битириб, Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган. Кўп йиллар “Зарафшон” газетасида мухбир, бўлим мудири вазифаларида самарали меҳнат қилган. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати сифатида изчил фаолият юритган.
Жамол Турсунов 2001 йилда вафот этди. Ҳаёт бўлганида бугун 70 ёшга тўларди.