Бозорда “Мен донорман” хайрия акцияси ўтказиляпти
Сиёб деҳқон бозори ҳудудига вилоят қон қуйиш марказининг махсус кўчма донорлик мажмуаси ўрнатилган. Акция доирасида юртдошларимиз беғараз донор сифатида қон топширишмоқда.
- Ҳозирги кунда вилоятимизда ноёб юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортди, - дейди марказ бош шифокори ўринбосари Абдусалом Жалилов. - Сайёр донорлик сессияларини аҳоли учун қулай жойларда, шу жумладан, дам олиш ва байрам кунлари, йирик савдо комплекслари, бозорлар ва аҳоли гавжум бўлган бошқа ҳудудларда ташкил этиш кўзда тутилган. Бу каби акция вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказиб келинмоқда.
Маълумот ўрнида, донорликнинг организмга ҳеч қандай зарари бўлмайди. Қон томирлари тозаланади. Олинган қон ўрни 48 соат ичида янгиланади. Қон босими меъёрлашади.
Бундан ташқари, керак бўлганда ўз қонингизни топширишингиз эвазига Сизга ОИТС, заҳм ва бруцеллез, малярия касалликлари ва гепатит “В”, “С” инфекцияларига, билирубин, АЛТ, АСТ каби қиммат турувчи таҳлиллари ва қон гуруҳи ҳамда резус омили текширилиб натижаларини бепул олишингиз мумкин.
Қон топшириш билан Сиз инсон ҳаётини сақлаб қолишдек олижаноб ва шарафли вазифани адо этган бўласиз. Қон топшириш учун фуқаролик паспорти билан келишингиз сўралади.
Бозорда “Мен донорман” шиори остида ўтказилаётган хайрия акцияси эртага ҳам давом этади.