Бозордаги дўкон бузилди. Унинг машмашасига ким нуқта қўяди?

Каттақўрғон тумани Баландравот маҳалласи Қилич қишлоғида яшовчи Дилбар Эргашева Каттақўрғон шаҳридаги “Самкат Оазис дурдонаси” масъулияти чекланган жамияти савдо мажмуасидан иккита дўкон сотиб олгани, бу дўконлар 2017 йилда бузилгани ҳақида таҳририятимизга мурожаат қилиб, бозор маъмуриятидан товон пули ундириш масаласида ёрдам сўради. Биз Д.Эргашеванинг мурожаатини ўрганиш мақсадида Каттақўрғон шаҳрида бўлдик.

Суҳбатимиз ва тақдим этилган ҳужжатлардан маълум бўлдики, мактабда кўп йиллардан буён кутубхоначи бўлиб ишлайдиган Дилбар опа 8 йил аввал тадбиркорликка ҳавас қилиб, бозорнинг “К” блокидан иккита дўкон олган. Қурилишларни ўз ҳисобидан амалга оширгач, бошқа харажатлар учун жами 3 миллион 900 минг сўм тўловни амалга оширган. Аммо “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди”, деганларидек, Д.Эргашева дўконни ишлатиш, бозор талабини ўрганиш, мижоз жалб қилиш, фойда олишнинг эпини қилолмади. Оқибатда дўкон қаровсиз, солиқлар эса тўланмай қолиб кетди. Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2013 йил 4 майдаги 351-Қ-сонли қарорига асосан савдо мажмуасида жойлашган дўкон эгалари тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтишлари (давлат кадастри, солиқ органлари) ва ҳужжат нусхасини тақдим этиш ва бозор маъмурияти билан ер ижара шартномаси тузишлари керак эди. Тадбиркорлик билан шуғулланиб кўрмаган Д.Эргашева бу ҳужжатлар нима учун кераклиги, бунинг аҳамиятини яхши билмаганлиги учун ҳужжатларни тайёрлай олмади.

 2016 йилда тадбиркор Баҳром Нурматов Д.Эргашевага тегишли ушбу дўконни ижарага олиб, фаолият юритади ва икки йил давомида дўконнинг ер ижара ҳақини бозор кассасига тўлаб келади. Шу қатордаги иккита дўкон ишлаётган бўлса, қолган 11 таси қаровсиз аҳволда, ҳатто эшик ҳам ўрнатилмаганлиги боис чиқиндихонага айланиб, антисанитария ҳолатини келтириб чиқаради. Яна бир томони, бозорнинг юқори қисмида қўл меҳнати ва атторлик маҳсулотлари ёйма савдоси билан шуғулланувчи 50 дан ортиқ тадбиркор учун ёпиқ павильон зарур эди. Шу боис бозор маъмурияти таъсисчиларнинг розилиги билан кадастр ҳужжатлари тайёрланмаган, бозор билан ижара шартномаси тузмаган, ер ижара ҳақи тўламасдан келаётган тадбиркорларнинг дўконларини ўз хоҳишларига кўра бузиб олишлари тўғрисида огоҳлантириш хатлари юборади. Бундай огоҳлантириш хати 2016 йил 19 ва 20 июнь кунлари Д.Эргашевага ҳам юборилади. 2017 йил август ойида Д.Эргашеванинг дўконларини унинг фарзандлари бузиб олиб кетади ва бу ерда Халқ банки Каттақўрғон шаҳар бўлимининг 1100 миллион сўм кредити ҳисобидан 50 ўринли савдо павильони қурилиши бошланади. Масалани ўрганиш учун биринчи ташрифимиз айни шу кунларга тўғри келди.

- Дўконларни ўз ҳисобимиздан қурганмиз, яна қўшимча пул тўлаганмиз, - дейди Д.Эргашева. - Дўконларимиз шунчаки бузиб ташланиб, харажатимиз қопланмай қолаверадими? Иккита дўкон учун бозор маъмурияти менга 80 миллион сўм маблағ тўлаб берса, бошқа даъво қилмайман.

Вилоят ҳокимининг пул тушумлари прогноз кўрсаткичлари режасини бажариш борасидаги қарорига асосан бозорлар ва савдо мажмуаларининг ҳар квадрат метр майдони учун ойига 13 минг сўмдан тўлов ундирилади. Ҳисобланган тўловлар ҳар бир дўкон учун йилига ўртача 1 миллион сўмни ташкил этади. Д.Эргашева эса дўконни давлат рўйхатидан ўтказмаганлиги учун 2011-2016 йиллар давомида солиқдан камида 5 миллион сўм маблаҚ “тежаб” қолган. Жамият директори Эркин Остонов шу фикрларни билдираркан, аслида Д.Эргашева бозорга ер ижара ҳақини тўламасдан катта зарар етказгани, шундай бўлса ҳам сарфлаган маблаҚи тўлаб берилиши, лекин 80 миллион сўм беролмаслигини билдирди.

“Самкат Оазис дурдонаси” масъулияти чекланган жамиятида томонлар иштирокида иккинчи, учинчи учрашувимизда бузилган дўконлар ўрнига битта дўкон ва 7 миллион сўм бериладиган бўлди. Кейинги сафар эса фақат дўконни ўзини қонуний тарзда расмийлаштириб беришга келишилди. Шундан сўнг бозор директори билан телефонда 30-40 маротаба уриниб ҳам боҚлана олмадик. Кейин билишимизча, ваъда қилинган дўкон ваъдалигича қолган.

Навбатдаги учрашувимизда эса Д.Эргашева дўконлари ўрнига жами 60 миллион сўм маблағ берилишини сўради. Жамият директори Э.Остонов бозорнинг ўша қисмидаги дўконлар ўртача 5-7 миллион сўм эканлиги ва Д.Эргашеванинг бузилган дўконлари ҳам шу нархда баҳоланишини билдирди. Шунда ҳам дўконнинг керакли ҳужжатлари тақдим қилинмаса, давлат маблағини асоссиз ўзлаштириб бўлмаслигини билдирди.

“Йўқолган пичоқнинг сопи олтиндан”, деган мақол бор. Бу ерда ҳам ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган дўкон бузилди, энди унинг товон пулини аниқлаш лозим. Д.Эргашева бузилган дўконини бозордаги дўконларнинг ҳозирги нархида баҳоласа, бозор директори Э.Остонов бирорта асосли ҳужжати бўлмаган фуқарога дўкон компенсацияси сифатида маблағ беролмаслигини айтади.

Хўш, таъсисчилар нима дейди?

- Қонунга кўра, бозорлар ва савдо комплексларининг 51 фоиз улуши давлатга тегишли, қолган 49 фоизи эса таъсисчиларга бўлинади, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳам шу ҳисобдан тўланади, - дейди Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Икром Маматов. – Бу масала кўтарилмасдан аввал тегишли идора вакиллари билан биргаликда икки ҳафта мобайнида савдо комплексидаги барча тадбиркорларга ҳужжатларни қонунийлаштириш, мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш, дўконлар учун кадастр йиғма жилди тайёрлаш борасида тадбирлар ўтказдик. Аммо тушунтириш-тарғибот ишларига қарамасдан айрим тадбиркорлар ҳужжат тайёрлашга бепарво муносабатда бўлишди.

Энди кўрилган зарарни қоплаш учун Д.Эргашева бозор раҳбариятига дўкон учун сарфланган маблағни келтириб, уни қоплашни сўраб ариза билан мурожаат қилади. Шу ариза асос бўлади, сўнг жамият таъсисчиларнинг навбатдан ташқари йиғилиши чақирилиб, 51 фоиз давлат улушига тегмаган ҳолда, жамият имкониятидан келиб чиқиб 49 фоиз улуш ҳисобидан маблағ тўлаб берилиши мумкин. Дўконнинг кадастр ҳужжатлари бўлсагина келтирилган зарар суд орқали ундирилиши мумкин.

Мана, дўкон эгаси, бозор директори, таъсисчи фикри билан танишдингиз. Англаганингиздек, ҳамма ўзича ҳақ. Бироқ масала ечими-чи? Бунинг учун қачон бир тўхтамга келинади? Қачон жамият таъсисчиларининг йиғилиши ўтказилади? Д.Эргашева бу кунни қачонгача кутади? Таҳририят бу саволларга Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ва жамият таъсисчиларидан қонунда белгиланган муддатда жавоб кутади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

“Зарафшон” мухбири.