Бозорларда қандай ўзгариш бўлади?

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 59 та, бозор бор. Шундан 41 таси деҳқон бозори ва 18 та си савдо комплекси.

Вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раҳбарлари билан ўтказилган матбуот анжуманида келтирилишича, 2023 йилда бозорлар ва савдо комплекслари томонидан 84 миллиард 290 миллион сўмдан ортиқ тушум туширилган. Шундан, маҳаллий бюджетга 17 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тўланган.

Бозорларда асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида куз-баҳор мавсумида 3200 тоннадан ортиқ маҳсулот захираси яратилган. 

  

- Ҳозиргача захирага жамғарилган маҳсулотлар тадбиркорга тегишли омборхонада сақланарди ва бу таннархнинг ортишига олиб келарди, - дейди вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раиси ўринбосари Акмал Қудратов. – 2024 йилда уюшма қошида марказлаштирилган совуткичли омборхона қуриш режалаштирилган. Шунингдек, Каттақўрғон, Ургут, Пахтачи, Оқдарё, Жомбой деҳқон бозорларида капитал қурилиш ва ободонлаштириш, вилоятдаги барча бозорлар ва савдо комплексларида замонавий лойиҳалар асосида ҳожатхоналар қуриш режалаштирилган. Барча деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш, сотувчи ва харидорлар учун қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек тушум пулларининг жамият ҳисоб-рақамларига тўлиқ кирим қилинишини таъминлаш мақсадида автоматлаштирилган тизим жорий қилинади.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.