Бу ақлдан озишми ёки қандайдир сиёсий спекуляциями: уруш бошланишини олидини олиш йўли айтилди

Урушнинг олдини олиш учун музокаралар олиб бориш керак, бироқ кўп одамлар кескинлашув устидан «чайқовчилик» қилмоқда, деди Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведьев Россиянинг етакчи ОАВ, жумладан, “РИА Новости”га берган интервьюсида.

“Айнан хавфсизлик кафолатлари ҳақида келишиш – бу сиёсий ва дипломатик воситалар, бу музокаралар, бу ўзаро муносабатларда бир давлат хавфсизлигига бошқа давлат хавфсизлиги ҳисобига эришиб бўлмаслиги барча асосий Европа ва халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган бўлинмас хавфсизлик тамойилидан фойдаланишдир”, деди у.

Қарама-қаршиликдан фойда кўраётганлар ҳақида гапирар экан, Медведьев америкалик сенатор баёнотларидан бирини мисол келтирди:
"Эсимда, бир ҳафта олдин қаердадир ўқиган эдим: АҚШ Сенатидаги қари бир маразматик, унинг фамилияси эсимда йўқ, чекланган ядровий тўқнашув, Россия ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ядровий зарбалар алмашинуви бўлиши мумкинлигини истисно қилмаслигини айтди. Эҳтимол унга фарқи йўқдир, у ўз ҳаётини яшаб бўлган ва ҳаммани «хизматига яраша мукофотламоқ» вақти келди деб ҳисоблар. Лекин бу паранойя, бу ҳатто изоҳга арзимайди. Аммо “буни ҳукуматдагилар, айниқса Америка Сенатидек жиддий тузилмада айтишса бу жуда ачинарли”, деди у.

"Менимча, ҳатто Совет даврида ҳам, ҳар ҳолда мен эсимни таниган Совет даврида ҳам Америка ва бошқа мамлакатлардаги ҳамкорларимиз қаердадир ядровий можаро бошлаш яхши бўлади, деб ҳеч қачон айтмаган", деди Медведьев.

Кариб инқирози - инсоният цивилизациясига нуқта қўйиши мумкинлигини кўрсатди.

"Шунга қарамай, бундай сўзлар айтилади. Бунга қандай муносабатда бўлиш керак? Бу ақлдан озишми ёки қандайдир сиёсий спекуляциями? Ҳар ҳолда, бу - жуда хавфли", хулоса қилди Медведев.

АҚШ ва НАТО билан музокаралар

Ўтган йил охирида Москва Брюссель ва Вашингтонга хавфсизлик кафолатлари бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини топширган эди. Кремль блокнинг постсовет давлатлари билан ҳарбий ҳамкорлигини тўхтатиш, улар ҳудудида базалар яратишдан бош тортиш, Россия чегараси яқинида зарба берувчи қуролларни жойлаштиришни чеклаш, Америка ядровий қуролларини Европадан олиб чиқиш ва НАТОнинг шарққа кенгаймаслик кафолатларини талаб қилмоқда.

Январь ойида ушбу масала бўйича Россия, АҚШ ва альянс ўртасида бир қатор маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди: 9-10 январь кунлари Женевада Америка томони билан учрашувда, 12 январь куни Россия Кенгаши – НАТО йиғилишида ва 13 январь куни ЕХҲТ майдонида ушбу масала муҳокама қилинди. Музокаралар бошланишидан олдин Вашингтон ҳужжатнинг айрим бандларини номақбул деб атади, Москва бу ултиматум эмаслиги, бироқ биртомонлама, бунинг устига босим остида ён босишга йўл қуймаслигини билдирди.

Чоршанба куни АҚШ ва НАТО Россияга ёзма жавоб йўллаб, ҳозирча махфий музокаралар учун имкон қолдириш мақсадида ҳужжат мазмунини ошкор этмаслигини эълон қилинди. Блокдаги манбага иқтибос келтирган dpa агентлигига кўра, ҳужжатларда кутилган “жиддий ён босиш» йўқ.