Бу йил теримчилар қўли яхшигина "пул кўрди": уларга қарийб 226 миллиард сўм тарқатилди
Жорий йилда самарқандлик фермерлар ва кластер корхоналари 75,3 минг гектар майдондан 244 минг тонна пахта хомашёси тайёрлади. Бу - яхши натижа. Эътиборлиси, етиштирилган ҳосилни териб олиш учун аввалги вақтлардан уч баравар кам - 130,5 минг теримчи жалб этилди.
Энди буёғига эътибор қаратинг: терим ишларига бюджет ташкилотлари ходимлари, талабалар ва бошқа соҳа вакиллари жалб этилмади. Ҳосил 31 та пахта териш машинасида ва 130 мингдан зиёд теримчилар кўмагида йиғиб-териб олинди.
Теримчиларга биринчи теримда қўлда терилган ҳар килограмм пахта учун 1200 сўмдан ҳақ тўланган бўлса, иккинчи теримдан ҳар килограмм ҳосил учун 1500 сўмдан, айрим жойларда 2000 сўмдан ҳақ тўланди.
Марказий банк вилоят бош бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозиргача вилоятимиздаги 4 та тижорат банки томонидан теримчиларга 225 миллиард 909 миллион 806 минг сўм терим пули тарқатилди. Бунда биринчи теримда ҳар килограмм хомашё учун 1200 сўмдан жами 176 миллиард 654 миллион 308 минг сўм ҳақ тўланган бўлса, иккинчи теримда 1500 минг сўмдан жами 48 миллиард 190 миллион 953 минг сўм тарқатилди.
Бу ҳар бир теримчи бир ойдан ошиқроқ вақтда уйидан олис кетмаган ҳолда ўртача 1 миллион 731,1 минг сўм даромадга эришганини билдиради.
Шунча вақтда туманларда бундан бир неча баробар кўп даромадга эришган оилалар ҳам бўлди. Энди пахта етиштириш, уни териб олиш машаққатли ва мажбурий меҳнатдан даромадли соҳага айланди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.