Бу йил хонадонларда табиий газ бўладими?

Вилоят Матбуот уйида “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали директори Олим Исақулов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу саволга жавоб изланди.

Шунингдек, 2021-2022 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда аҳолини бир маромда табиий газ билан таъминлашда юзага келадиган муаммоларни баратараф этиш, мавжуд газ қувурларини мукаммал реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборот берилди.

- Вилоят бўйича режалаштирилган 4,9 километр газ қувурларидан шу кунгача 0,5 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланди, - дейди Олим Исақулов. - 6,4 километр газ қувурларининг 0,7 километрида реконструкция ишлари амалга оширилди. Мавжуд 8 815 дона газ тақсимлаш қутилардан 3 546 таси тафтишдан ўтказилди. Шунингдек, 39 та газ тақсимлаш пунктларини таъмирланди. Ер ости газ қувурларининг 405 километрида босим ости зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари якунига етказилди. 168 километр газ қувурларининг ҳолати текширилди.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ва Гагарин кўчалари кесишмасидан Фирдавсий кўчасига Д-325 миллиметрли узунлиги қарийб 0,5 километрлик табиий газ қувури тортилмоқда. Ушбу иншоот қурилиб фойдаланишга топширилгач, шаҳардаги Мирзо Улуғбек, Лолазор, Аҳмад Яссавий, Мафтункор, Дукчиён, Темирқишлоқ каби маҳаллаларда истиқомат қилувчи 7 мингдан  ортиқ аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти яхшиланади.

- Оқдарё газ тақсимлаш станциясидан Самарқанд шаҳрининг Панжакент кўчасигача Д-325 миллиметрли, узунлиги 11,5 километр газ қувурлари тортилмоқда, - дейди “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали қурилиш бўлими бошлиғи Аъзам Боболиев. - Мазкур иншоот ишга тушгач, шаҳарнинг Сиёб ҳудудидаги 20 га яқин маҳаллаларда табиий газ таъминоти яхшиланади. Шунингдек, Самарқанд туманида жойлашган “Самарқанд-1” газ тақсимлаш станциясидан 5,2 километр масофада Д-325 миллиметрли юқори босимли янги газ қувурини ўрнатиш ҳам кўзда тутилган.

Президентимизнинг жорий йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида юқоридаги газ тармоғини 10,5 километрга узайтириш топшириғи берилган эди. Айни кунгача ушбу объектнинг 2 километрида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Йил якунига қадар фойдаланишга топшириладиган объект ишга тушгач, Самарқанд шаҳридаги аҳоли хонадонлари, меҳмонхона ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида, жумладан, Сартепа массиви, Университет хиёбони атрофидаги маҳаллаларда яшовчи 32 мингдан ортиқ хонадонларда табиий газ таъминоти яхшиланади.

Дилмурод Тўхтаев.