Бу йилги сайловда кўришда нуқсони бор фуқароларга алоҳида шароит яратилмоқда
Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида айтиб ўтилди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда илк бор ногиронлиги бўлган шахсларга сайлов участкаларида яратилаётган шарт-шароитлар хусусида хисобот берилди. Ўзбекистон ногиронлар жамияти масъуллари томонидан яна қўшимча брайл трафаритлар берилиш таклифи билдирилди.
Шунингдек, кўришда нуқсони борлар учун алоҳида шароит яратиш муҳимлиги таъкидланди. Овоз бериш жараёнларини улар яшаётган хонадонларда ташкил этилиши белгиланди. Яна бир муҳим янгилик, энди ногиронлиги бўлган шахсларга сайлов тўғрисидаги ҳамда уларнинг сиёсий ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган маълумотлар сурдо таржимаси орқали бериладиган бўлди. Телевидениеда бериладиган ахборотлар ҳам сурдо таржимасида ҳам титрда берилиши таклифи илгари сурилди.
Мажлисда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масала ҳамида бошқа масалалар кўриб чиқилди ва тасдиқланди.
Йиғилиш давомида 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Хўжақул Муҳаммадиевнинг вилоятда сайлов жараёнига кўрилаётган ҳозирликлар ҳамда округ билан боғлиқ масалалар бўйича ахбороти эшитилди.
Унга кўра, округ комиссияси 21 кишидан иборат таркиб Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссияси тасдиқлаган календар режа ва тегишли қарорлар асосида иш фаолиятини олиб бораётгани айтиб ўтилди. Шунингдек, округ ҳудудида 1112 та сайлов участкаси сайлов жараёнларига тайёрланаётгани уларда кузатилаётган камчиликлар жойида бартараф этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Участкалар учун бино танлашда уларда комиссиялар ва овоз берувчиларга қулай шарт-шароит мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди, - деди Х.Муҳаммадиев. - Участкалар рўйхати ва комиссиялар таркиби туман ва шаҳар газеталари ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоғида эълон қилинди. Округ комиссияси ҳузурида тўрт нафар тажрибали ходимдан иборат матбуот маркази ташкил этилди ва улар учун зарур шароит яратилди.
Маълумот ўрнида: Айни кунгача сиёсий жараёнларни ёритиш учун 108 нафар вилоят телевидениеси, босма нашрлар ҳамда республика ОАВларининг вилоятдаги вакиллари аккредитациядан ўтказилди.
Округ матбуот маркази.