Бугун туғилган кун
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ботурхон Валихўжаев 1932 йил 1 апрелда Самарқандда туғилган.
Самарқанд давлат университети филология факультетида таҳсил олган. Шу олий даргоҳда ўқитувчи, факультет декани ўринбосари, декан, тожик тили ва адабиёти кафедраси, ўзбек адабиёти тарихи кафедраси мудири, проректор лавозимларида меҳнат қилган.
Олимнинг илмий ишлари адабиёт тарихи, адабиётшунослик, адабий алоқалар, тасаввуф ва унинг намояндалари, Самарқанд адабий ва илмий муҳити тарихи, Ибн Сино, Низомий, Жомий, Навоий каби аллома ва мумтоз шоирларнинг ижодига бағишланган.
Ботурхон Валихўжаев "Ўзбекистон адабий-танқидий қарашлари тарихидан", "Ўзбек эпик поэзияси тарихидан", "Навоий ижоди - илҳом манбаи", "Хожа Аҳрор Вали", "Хожа Аҳрор тарихи" каби илмий асарлари ва бир нечта ўқув қўлланмалар муаллифи.
Адабиётшунос олимнинг асарлари Россия, Афғонистон, Туркия ва Эронда нашр этилган.
Ботурхон Валихўжаев 2005 йил 25 августда вафот этган.