Бугун “Овози Самарқанд” газетаси чоп этила бошлаганига 30 йил тўлди

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ва вилоят ҳокимлигининг газетаси саналган “Овози Самарқанд”нинг илк сони 1990 йил 1 январда чоп этила бошланган эди.

Шу йили газета журналист ва ёзувчи Нор Остонзода ташаббуси билан ташкил этилди ва унинг муҳаррирлиги остида таҳририятда адабий муҳит шаклланди, мазмунан бойиди. Кўп ўтмай газета вилоятдаги матбуот нашрлари ўртасида ўз ўрни ва муштарийларига эга бўлди. Бу эзгу ишда Нор Остонзода, Ғафуржон Маҳмудов, Хурсанд Жумаев, Ҳазрат Сабоҳий, Адаш Истад, Шавкат Баҳромов, Тошқул Азимов, Зоҳир Ҳасанзода, Бахтиёр Жумаев, Гулчеҳра Ҳалимова сингари журналистларнинг заҳматли меҳнатлари сингди.

Газета саҳифаларида таниқли олимлар, ёзувчилар, тажрибали ўқитувчилар ва турли касб эгаларининг чиқишлари, таҳлилий, танқидий мақолалари чоп этилди, бу анъана бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

1997 йилнинг октябрь ойидан газетага филология фанлари номзоди Ғафуржон Маҳмудов бош муҳаррир этиб тайинланди. Унинг ижодкорликдан ташқари, тадбиркорлик ва ишбилармонлик хислатлари газетанинг янада жонланишига, муштарийлари сонининг кўпайишига хизмат қилди. 2011 йил 1 мартдан 2016 йил июлига қадар Озоджон Хидиров (Ҳамидзода), 2016 йил августдан 2017 йил октябрга қадар Бахтиёр Жумаев бош муҳаррир сифатида фаолият олиб борди. 2017 йилдан буён эса газетага фалсафа фанлари бўйича фан доктори Баҳодир Раҳмонов бош муҳаррир вазифасида ишлаб келмоқда.

«Овози Самарқанд» 2010 йилда А2 форматда саҳифаланиб, рангли, 2015 йилдан ҳафтада икки марта чоп этиладиган бўлди.

Газета мухбирлари Тошқул Азимов, Бахтиёр Жумаев, Баҳодир Раҳмонов, Дилрабо Насимова, Шуҳрат Ҳусейнов, Фаридун Юлдошевлар “Йилнинг энг фаол ва иқтидорли журналисти” диплом ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

2017 йилдан буён газетанинг интернетдаги ovozisamarqand.uz сайти ишлаб келмоқда.

2017-2018 ўқув йилида Самарқанд давлат университети билан ҳамкорликда “Ёш журналистлар маҳорат мактаби” ташкил этилди ва 12 нафар ёшларга соҳага доир назарий ва амалий билимлар берилди.

2018 йилда “Овози Самарқанд” журналистика соҳасида “Олтин қалам” XIII миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда қатнашиб, матбуот йўналишида учинчи ўринни эгаллади.

Газетанинг маънавий кўмагида бир қатор китоблар чоп этилди. Хусусан, 2011 йилда “Армуғони Самарқанд”, 2018 йилда “Саодати дўстӣ”, 2019 йилда “Айнишиносӣ дар Самарқанд - Самарқандда Айнийшунослик” ҳамда “30 гуфтор аз 30 тор” китоблари нашр этилди.

Яқинда «Овози Самарқанд» газетаси ходимлари учун иш ва ижод шароитларини яхшилаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан хизмат машинаси берилди, таҳририят техник базасини мустаҳкамлаш учун 180 миллион сўм маблағ ажратилди.

Таҳририят газетанинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида қатор тадбирлар ўтказиб келмоқда. Жумладан, 2019 йилнинг сентябрь ойида спортнинг фудокан каратэ-до тури бўйича республика турнири ташкил этилди. Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда "Дарахт эк! - ҳаётингни яшнат!" шиори остида экологик юриш марофони, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси Самарқанд туман бўлими билан ҳамкорликда эса "Ҳаётингни яшнат!" акцияси доирасида сувни тежаш ва табиий бойликлардан самарали фойдаланишни тарғиб этишга қатарилган тадбирлар ўтказилди. Бундан ташқари, матбуот ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида газета ходимлари иштирокида Самарқанд шаҳар ва Самарқанд туманининг 50 дан ортиқ маҳаллаларида учрашувлар ташкил этилди.

Бугунги кунда таҳририятнинг аҳил ижодий жамоаси Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, тарғиб этиш, вилоятда амалга оширилаётган ўзгаришларни оммага етказиш, жамиятдаги камчилик ва нуқсонларни ошкоралик, холислик асосида ёритиш мақсадида махсус лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан, газета саҳифаларида “Муносабат”, “Халқ қабулхонаси”, “Дўстлик баёзи” рукнлари остида юртимизда амалга оширилаётган ишлар, халқ ташаббус ва таклифлари баробарида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ғояларига асосланган туркум материаллар чоп этилмоқда.

Газетада “Қабулхонаи халқ”, “Шукрона”, “Омўзгор”, “Зангўла”, “Мадади Сино”, “Ҳусноро”, “Гулбоғи адаб”, “Ҷавонӣ” “Ҳидоят”, “Фароғат” каби махсус саҳифалар чоп этиб келинмоқда.