Бугун қурилиш соҳаси ходимлари куни: Қўйилган ҳар ғиштда уларнинг заҳмати бор
Маълумотларга кўра, 2017 йил 1 январ ҳолатига Самарқанд вилоятида уй-жойлар қурилиши 141 та, хонадонлар эса 4570 тани ташкил этган. Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида қурилган турар-жой массиви ҳисобига 2022 йил якуни билан ушбу кўрсаткич 148 та уй-жой, 4736 та хонадонни ташкил этди.
Олис ва чекка ҳудудларда аҳолининг муносиб турмуш кечириши учун Янги Ўзбекистон массивлари қад ростлаяпти. Ургут ва Булунғур туманларидаги шундай массивларда қарийб 11 минг хонадонли 203 та кўп қаватли уй бунёд этилмоқда. Объектларда қурилиш ишлари билан бир қаторда, хонадонларни коммуникация тармоқларига улаш, қулай инфратузилма яратиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу массивларда мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, равон йўллар ҳам қуриляпти.
Бунёдкорлик ишлари ҳақида гап борар экан, “Ипак йўли” халқаро туризм маркази ҳақида тўхталмасак бўлмас. Азим шаҳар бағрида қад кўтарган улуғвор мажмуа бугун том маънода халқимиз, меҳмонлар ҳамда сайёҳлар учун севимли гўшалардан бирига айланди. 212 гектар майдонда барпо этилган ва йилига 2 миллион сайёҳга хизмат кўрсатиш имконига эга бўлган улкан мажмуа миллий меъморчилик анъаналаримизга мос равишда бунёд этилди. Ҳудудда 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс маркази, “Боқий шаҳар” мажмуаси, амфитеатр ва кўплаб бошқа иншоотлар қурилди.
Бундан ташқари, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш учун Ширин шаҳарчаси қурилиши бошланмоқда. Бу ерда миллий анъаналаримиз уйғунлашган замонавий кўп қаватли уй-жойлар, дам олиш масканлари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари бунёд этилади.
Вилоят қурилиш ва коммунал хўжалиги бошқармаси ахборот хизмати.