Бугун туғилган кун: Ўткир Раҳмат

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳмат 1948 йил 15 мартда Тойлоқ туманининг Узун қишлоғида туғилган.

Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат юридик институтида таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини матбуот нашрларида бошлаб, кўп йиллар нуфузли идораларда хизмат қилган.
1998 йилда “Шуҳрат” медалига ва 2005 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Ўткир Раҳматнинг “Ирмоқ”, “Соғинч” , “Райҳон ҳиди”, “Шукрона”, “Ой ёғдуси”, “Кўзим қорачуғи”, “Хаёл ифори”, “Юракдаги қуш”, “Хоксор майса”, “Дилчироқ” (сайланма китобининг биринчи жилди) каби ўндан зиёд шеърий тўпламлари нашр этилган.
Ҳозирда "Халқ сўзи" газетаси бош муҳаррири.

***
КЎНГИЛ
(Устозга)
Даргоҳингнинг эшикларидан
Кеча-кундуз узилмас қадам.
Шодлик ўтса қайси биридан,
Кириб келар қай биридан ғам.

Қарашларинг ҳаммага тенгдир,
Ҳаммасини бирдай суясан.
Осмондайин феълинг ҳам кенгдир,
Жилмаясан, кулиб қўясан.

Бу дунёнинг тилсими беҳад,
Кўзбойлағич каби ўйини.
Тутмиш ҳамма фариштадай қаъд,
Чалар инсоф, имон куйини.

Қувлик - тулки чап берар кўзга,
Ишонч ҳуркиб туради ҳайрон.
Сеҳрланиб сеҳрли сўзга
Дилда борин очишинг аён!

Жилмаясан, сенга барибир,
Мақтов яна малҳамдек ёқар.
Билмайсан ким гул-чечак ахир,
Илон бўлиб ким зимдан боқар.

Сочилади қалбнинг сирлари,
Эшикларин бир-бир очарлар.
Гуллар экиб қайси бирлари,
Қай бирлари оғу сочарлар.

Умр ўтар оққандай дарё,
Севинч-ғамни кўтариб бошга.
Ҳамон бефарқ яшайсан, аммо
Шўр пешонанг тегса ҳам тошга!

Қалбинг торин тинглаб унини,
Шўх жилмайдинг шунда ҳам майин.
Заҳар сочган кўрар кунини,
Гул-чечаклар экканга қийин!