Бугун... ёки уйдирмага ўхшайдиган қисқа ҳаётий ҳикоялар

Бугун, туғилган кунимда, почтачи уй манзилимга бир конверт келтириб берди. Бу конвертда ўтган ҳафта йўқотиб қўйган ҳамёним солингани кўриб ҳайрон қолдим.

Пуллар, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларнинг ҳаммаси жойида, конверт ичида яна бир қоғозда "Туғилган кунингиз билан!" деган ёзув ҳам бор экан...

***

Бугун бошқа давлатда хизмат қиладиган турмуш ўртоғимдан мактуб олдим. Унда шундай дейилган эди: Мен сени эмас, сен билан бирга ўтказган вақтларимизни соғиндим. Мен ҳеч қачон шу даражада аниқ ифода этилган сўзларни эшитмаган эдим, бироқ унинг ҳис-туйғулари ўзимга ҳам жуда яхши таниш...

***

Бугун йўлда бир кулгили ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Йўлда кетаётган машина ҳайдовчиси деразадан чиқиндини улоқтириб юборди, унинг орқасидан кетаётган мотоциклчи эса уни кўтариб олди. Кейинги светофорда мотоциклчи машина ойнасини тақиллатди ва ҳайдовчига чиқиндини қайтариб берди...

***

Бугун бошпанадан эвтаназия (ухлатиб ўлдириш)қилиниши керак бўлган итни асраб олганимга 5 йил тўлди. Мен тиришишни келтириб чиқарадиган неврологик касалликдан азият чекаман. Ишонасизми, менинг итим тутилишлар бошланиш пайтини сезади. Шунақа пайтларда у яқинимга келиб, баланд овозда вовуллай бошлайди, демак, дориларимни ичиб, ўзимни тайёрлашга вақтим бор. Қачонлардир мен сақлаб қолган ҳаёт энди ҳар куни мени қутқаради...

***

28 йил олдин ўт ўчирувчи мени ёнаётган уйдан қутқариб қолди. Ёнғин оқибатида у оёғидан жароҳат олди. Шифокорлар энди у бутун ҳаёти давомида ҳеч қачон яхши юра олмаслигини айтганди. Бугун, қизимиз тўйи кунида у таёғини бир четга қўйиб, секингина уни меҳроб томон олиб чиқди...

***

8 ёшли неварам мактабдан келиб, кўзига нимадир бўлаётганини, ҳамма нарса унга иккита бўлиб кўринаётганини ва унга кўзойнак кераклигини айтди.

Шифокор ҳузурига бориб, кўплаб тестлардан ўтдик, бироқ унинг айтганлари тасдиқланмади.Неварам кўзойнак сўраб туриб олишда давом этди. Кейин билсак, унинг мактабдаги яқин дўсти кўзойнак тақиб юргани маълум бўлди, неварам буларнинг барчасини бирдамлик белгиси сифатида ўйлаб топган экан.

Унга оптик эмас, оддий шишали кўзойнак олиб бердик. Икки ҳафта тақиб юргач, у ҳаммаси ўтиб кетганини айтиб, кўзойнагини тақмай қўйди...

***

Бугун тасма билан боғланган иккита ит билан ўтиб кетаётган аёлни учратдим. Итлардан бирининг бир оёғи калта, лекин иккала ит ҳам оқсоқланиб кетарди. Мен уларга нима бўлганлиги билан қизиқдим. Аёл жилмайиб, илгари кўчада яшаган уч оёқли ити бошқа итлар билан урушиб яралангани, иккинчи ити эса у ўзини ёлғиз ҳис қилмаслиги учун унинг ортидан такрорлаб, оқсоқланиб юриши ҳақида сўзлаб берди...

***

Бугун тортидаги ниҳоятда кўп миқдордаги шамларни пуфлаб ўчиргач, 100 ёшли бувим атрофидаги 27 киши - фарзандлари, неваралари ва чеваралари, барчамизга қараб: “Ишониш қийин, сизлар менинг давомчиларимсиз. Менинг ҳақиқий оилам. Ҳаётингизнинг бир қисми эканлигимдан жуда фахрланаман!”, - деди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.