Булунғурда 5 мингдан ортиқ ёшнинг муаммоси бор

Булунғур туманида “Ёшлар дафтари” рўйхатини шакллантириш мақсадида ўтказилган хатловда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 32 минг нафардан зиёд йигит-қиз мавжудлиги аниқланган. Уларнинг 4096 нафари вақтинча хорижда ва бошқа вилоятларда яшаётганлиги маълум бўлган. 27 минг 936 нафари ҳақида анкета сўровномалари тўлдирилиб, муаммолари ўрганилган.

 Асосий масала - ишсизлик

Анкета сўровлари натижасида туман ёшларининг 4453 нафарини ишсизлик, 760 нафарини эса турли ижтимоий муаммолар қийнаб келаётгани аниқланган. 

“Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган йигит-қизлар билан тизимли ишлаш мақсадида туман ҳокимлигида махсус штаб ташкил қилинган. Бу ерда мутасадди ташкилотлар вакиллари рўйхатдаги ёшларни электрон базага киритиш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган чораларни назорат қилиш билан шуғулланиб келмоқда.

 Сектор раҳбари ва ёшлар учрашувлари қандай натижа берди?

Штабдан олинган маълумотларга кўра, 2020 йил ноябрь ойидан шу пайтга қадар тумандаги сектор раҳбарлари ва ёшлар ўртасида 180 та учрашув ўтказилиб, 2308 та мурожаат келиб тушган. Жорий йилнинг 17 март ҳолатига кўра 1776 та муаммо ҳал қилинган. Мурожаатларнинг 353 таси бажарилмаган, 58 таси рад этилган, 121 таси ечим учун муддат талаб қилинадиган мурожаатдир. 

- 2020 йил карантин сабаб ишсиз қолдим, - дейди Сирожиддин Бурхонов. - 23 декабрда туманимиз ҳокими билан учрашувда шахмат тахтаси ясаб, ҳунармандчилик билан шуғулланиш истагим борлигини айтиб, 30 миллион сўм кредит олишга ёрдам сўрадим. 4 кун ичида имтиёзли кредит ажратилди. Жорий йилнинг январь ойидан фаолиятимни бошладим. 4 нафар ёшни иш билан таъминладим. Бир ойда 6 ўлчамда мингдан зиёд шахмат тахтаси ясаб, сотяпмиз. Ҳозирги кунда Қозоғистондан ҳам буюртма келяпти. Олган кредитни деярли қайтариб бўлдим. 

Бу яхши, аммо айрим ёшлар бир нечта масалада мурожаат қилган. Уларни қийнаб келаётган муаммолардан бири ҳал этилиб, иккинчиси бажарилмасдан қоляпти, баъзилари номигагина ечим топяпти. 2020 йил 16 декабрь куни ўтказилган учрашувда иштирок этган ёшлардан бири билан телефон орқали боғланиб бунга гувоҳ бўлдик. 

- Икки масалада мурожаат қилгандим, - дейди Элобод маҳалласида яшовчи Маҳлиё Абдураҳмонова. – Биринчиси кўзимни даволатиш бўйича бўлса, иккинчиси ишсизлик муаммоси. Тўғри, бир марта кўзимни бепул текшириб, дорилар ёзиб беришди ва шаҳарда даволанишим кераклиги айтилди. Аммо моддий жиҳатдан қийинчилик бўлганлиги сабабли даволанишга имкониятим йўқ. Кўзим касалланганлиги сабабли чанг бор жойда ишлай олмайман. Маъқул иш эса топилмаяпти, ишсизликдан қийналяпман.

Ҳеч бир ёш эътибордан четда қолмайди

Туманда 398 нафар ёш мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилди. Қишлоқ хўжалигига қизиқадиган 445 нафар йигитга ер майдонлари ажратиб берилди. 

- Булунғур қишлоқ хўжалик коллежини битирганман, - дейди Нурли йўл маҳалласида яшовчи Шариф Худойбердиев. – 3 йилдан буён ишсизман. Сектор раҳбари ва ёшлар учрашувида деҳқончилик қилиш учун ер ажратиб беришларини сўраб мурожаат қилдим. “Тожибоев Адҳамбек даласи” фермер хўжалигидан 25 сотих ер берилди. Энди бу ерда сабзавот маҳсулотлари етиштириб даромад қиламан, деган умиддаман. 

- “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган ҳеч бир йигит-қиз эътибордан четда қолмайди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари Камолиддин Ғаффоров. - Тадбиркорликка қизиқадиган ва кредит олиш истагида бўлган 196 нафар ёшга 3 миллиард 970 миллион сўм миқдорда кредит ажратилди. Ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда бир ҳафталик ўқув курслари ташкил этилди ва 97 нафар йигит-қизга сертификат берилди. 

162 нафар ёш 1- ва 2-сон касб-ҳунар мактабларида ўқитилмоқда. “1+1” лойиҳаси доирасида 78 нафар йигит-қиз тадбиркорларга бириктирилди. Шунингдек, 43 нафар ёшга 112 миллион 750 минг сўмлик асбоб-ускуна олиб берилди. 

Туманнинг Хўжамазгил маҳалласидаги 32 нафар ёшга субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилди. Узумчиликка ихтисослашган кооперация ташкил этилиб, 20 нафар ёшга 1 гектардан ер ажратилди. 

Тўлқин Сиддиқов, 

Бахтиёр Мустанов (сурат), 

«Зарафшон» мухбирлари.