Булунғурлик тадбиркор қурут тайёрлаш ускунасини ихтиро қилди

Булунғур тумани Навбаҳор маҳалласида сузмадан қурут тайёрлаб сотадиган ишбилармонлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо улар орасида ўз ишининг устаси бўлган, уддабурон тадбиркор Бекзод Маъмиров алоҳида ажралиб туради.

Илгари тадбиркор хонадонида кунига 400-500 килограмм қурут тайёрлаш учун 8 киши жалб қилинган бўлса, махсус цех ташкил қилингач, бу ишни икки нафар аёл эплаяпти. Аҳамиятлиси, бу ерда бир кунда ўртача икки тоннагача маҳсулот тайёрланяпти.

15 йилдан бери қурутчилик билан шуғулланиб келаман, - дейди тадбиркор. – Болалигимда бобом ва момом кафтлари билан қурут юмалоқларди ва офтобда қуритиб, бозорга олиб чиқарди. Кейинги йилларда ойна ёрдамида қурут тайёрлаш йўлга қўйилди. Аммо, бунинг учун ҳам кўп меҳнат талаб қилинарди. Шу ишни техника ёрдамида қилиш мумкинлигини ўйладим, ускуна яратиш устида бош қотирдим. 10 йиллик изланишларим ва ҳаракатим натижасида мақсадимга эришдим.

Ҳа, қурут тайёрлаш ускунаси ихтиро қилингач, қийинчиликлар ортда қолди. Тайёрланаётган маҳсулот ҳажми ва сифати яхшиланди.
- Маҳсулотларимизнинг асосий қисми ички бозорга сотилади, - дейди Б.Маъмиров. - Хусусан, буюртмачиларимизнинг аксарияти водий вилоятларидан. Икки йилдан бери Қирғизистонга ҳам сотяпмиз.
Айни пайтда тадбиркор ихтиро қилинган ускуна учун патент олиш ҳаракатида. Бунинг учун унга вилоят ҳокимлиги масъуллари яқиндан кўмак беришни ваъда қилишган.

Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов,
Жасурбек Шукуров.