Бухорода яна тўрт нафар бемор коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайди

Юртимиз бўйлаб коронавирус инфекциясига чалинган беморларни самарали даволаш борасида минглаб тиббиёт ходимлари матонат билан меҳнат қилишмоқда.

Жумладан, аввал Бухоро вилоятидан 4 нафар коронавирусга чалинган бемор тузалганини хабар қилган эдик. Бугун вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан яна 4 нафар бемор фидойи ва жонкуяр шифокорлар саъй-ҳаракати туфайли бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғайганлардан (барчаси эркак) уч нафари (икки нафари Тошкент шаҳридан, бир нафари самарқандлик) чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган. Яна бир нафари эса қашқадарёлик бўлиб, чартер рейс орқали Россиядан Бухорога келган. Барчаси карантинда бўлишган ва коронавирус инфекцияси аниқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишни бошлашган.

Беморларнинг тузалишларида аввало, ушбу шифохона тиббиёт ходимларнинг даволаш муолажаларини халқаро стандартлар асосида, тўғри йўлга қўйганлари, шунингдек, пульмонология, кардиология, терапия, эндокринология каби ихтисослашган соҳа мутахассислари билан телемулоқот ўрнатгани қўл келаётир. Айни лаҳзада тузалган беморларимизнинг қувончи чексиз. Уларнинг табассуми, миннатдорли сўзлари заҳматкаш тиббиёт ходимларининг меҳнатига энг юксак баҳодир.

Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар 89 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.