Буюк Британия 2030 йилдан эътиборан бензинда юрадиган автомобиллар савдосини тақиқлашни режалаштирмоқда
Буюк Британия ҳукумати тоза энергияга ўтиш режасида назарда тутилганидек, 2040 йилдан эмас 2030 йилдан бошлаб қазилма ёқилғида ҳаракатланадиган автомобиллар савдосини тақиқлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.
Мазкур чора Буюк Британия йўлларида электромобиль сони кўпайишини тезлаштириши лозим. Жорий йилнинг сентябрь ойи охирида қазилма ёқилғиларда юрадиган автомобиллардан воз кечиш режаси тақдим этилиши кутилаётган эди. Бироқ қиролликда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сонининг ошиши оқибатида ушбу режа тақдимоти 2020 йилнинг охирига кўчирилди.
Қазилма ёқилғи ёрдамида ҳаракатга келадиган двигателли янги автомобиллар савдоси биринчи бўлиб, 2025 йилда Норвегияда тақиқланади. Германия, Ирландия ва Нидерландияда тақиқ 2030 йилдан амалга киритилади. Францияда эса 2040 йилдан бошлаб қазилма ёқилғида ҳаракатланадиган янги автомобиллар савдосига йўл қўйилмайди.