Буюк Британияда самарқандлик талабалар учун аграр соҳада стажировкалар ташкил этилади
Ўзбекистон элчихонаси томонидан Британиянинг "Aston Fruit Farm" фермаси раҳбари Чарльз Льютон ва "Hops Labour Solutions" меҳнат ташкилоти ижрочи директори Джимми Дэвис билан музокаралар ўтказилди.
Мулоқот чоғида Британия томонга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини хорижий давлатларга стажировка ўташ ҳамда малака ошириш учун юбориш бўйича пировард мақсадлар ва кутилаётган натижалар ҳақида ахборот берилди.
Британия томони "Aston Fruit Farm" фермасида ўзбекистонлик талабалар учун стажировка ўташга шароит борлигини ҳамда Тошкент давлат аграр университети ва Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти вакиллари учун стажировкаларни ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.
Мазкур ўқув курслари натижасида ўзбекистонлик талабалар аграр соҳада ўзларининг билим ва кўникмаларини ошириш ва келгусида амалиётга татбиқ этиш имкониятига эга бўладилар, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.