Chevrolet Tracker-2 автомобилини серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда

"UzAuto Motors" АЖ заводида янги Chevrolet Tracker-2 автомобилини серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга тайёргарликнинг навбатдаги босқичи бошланди.

Тест синов тариқасида ишлаб чиқарилган Tracker автомобиллари "Non sleable", яъни "Сотув учун мўлжалланмаган". Бундай автомобилларнинг ишлаб чиқарилиши, йиғув жараёнидаги барча зарурий босқичларни синаб кўриш ҳамда қайта ишлаш имконини беради.

Tracker автомобили ишлаб чиқарилишини йўлга қўйишга тайёргарлик жараёнида синов учун 16 дона автомобил ишлаб чиқарилади. Кейинчалик ушбу автомобиллар нотекис йўлда ҳаракатланиш ва иқлим шароитига мослашувчанлиги текширувдан ўтказилади.

– Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва синовдан ўтказишга тайёргарликнинг барча босқичлари режа асосида олиб борилмоқда, камчиликлар аниқланмади, – дейди лойиҳа раҳбари Толибжон Саримсоқов.

"UzAuto Motors" АЖ жорий йилнинг ёзида Chevrolet Tracker-2 автомобилини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Автомобил LED ёритгичли кундузги чироқлар, рангли 8 дюмли сенсор дисплей Chevrolet MyLink, 6 динамикли мультимедиа тизими, кўпфункцияли рул, кондиционер, панорамали люк ва орқа ойна иситиш тизими, олд ва орқа ойна электроподёмник билан жиҳозланган.

Chevrolet Tracker-2 автомобили 6 та хавфсизлик ёстиқчалари, орқа кўриниш камераси, шиналар босими мониторинги тизими, барқарорликни назорат қилиш тизими (ESP), тормоз (ABS) тизими, тепаликка кўтарилишга ёрдам тизими (HSA), орқа парктрониклар ва болалар ўриндиғи каби хавфсизлик технологияларига эга.