Чингиз Айтматов асарлари қаҳрамони ким?

Мумтоз адабиётнинг қаҳрамони ўзлигини тафтиш қилган бўлса, замонавий қаҳрамон ўзгаларни тафтиш қилишга киришди. Мумтоз қаҳрамон ўз нафсига қарши курашган бўлса, замонавий қаҳрамон бировларга қарши курашга тарғиб қила бошлади.

Сталин шахси ва сталинизм иллатлари танқид қилингач, адабиётдаги вульгар социологик қарашларга бир қадар барҳам берилди. Инсонга инсондек қараш, унинг жамиятидаги ўрни, мавқеини англаш, ҳаёт фақат ғалабалардан иборат эмаслигини тушуниш, инсон табиати хато ва қусурлардан холи эмаслиги, эркка ташналиги, ўй-хаёллари, хатти-ҳаракатлари ҳамиша ҳам рисоладагидек бўлавермаслигини бадиий тадқиқ этишга ҳаракатлар бошланди. Адабиётга янги истеъдодлар кириб кела бошлади. Шулардан бири Чингиз Айтматов эди.

Чингиз Айтматов ижодида ислом ва насронийлик таълимоти анъаналари, Шарқ ва Ғарб маданиятининг ҳаётбахш хусусиятлари ўзига хос тарзда синтезлашганлигини кўриш мумкин. Ёзувчининг энг муҳим хизматларидан бири шундаки, у соцреализмнинг тор, биқиқ муҳитига тоза насимлар олиб кирди, рангин ва серқирра услуби билан унинг имкониятларини кенгайтирди. Чингиз Айтматов ижодини унга замондош бўлган, Лотин Америкаси мамлакатларининг бадиий солномасини магия, фантастика, модерн воситалар билан яратган Габриэл Маркес ижодига қиёслаш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Г.Маркес эркин ижод қилди, бироқ  Чингиз Айтматовда бундай имконият бўлмади. Габриэл Маркесдан фарқли ўлароқ Чингиз Айтматов истеъдодини тўла-тўкис намоён эта олмади. Истеъдоднинг маълум қисмини ўзи мансуб бўлган тузумнинг хоҳиш-иродаси учун қурбон қилишга мажбур эди. Ўз даврида ва ундан кейин шўро тузумининг  объектив манзарасини, унинг туб моҳиятини тасвирлашда Чингиз Айтматовга  тенг келадиган ёзувчи бўлмаса керак. Бироқ улкан адибнинг бу эстетик ҳукмлари социалистик реализм рухсат берган чегаралар доирасида эди. Бу хусусият, масалан, унинг ижодини  севимли адиби  Михаил Бульгаков ижоди билан қиёслаганда яққолроқ намоён бўлади.

Чингиз Айтматов яратган характерлар тарихига ёзувчи биографияси орқали қарайдиган бўлсак, бу характерлар ва қаҳрамонлар тарихи – Айтматовлар оиласи тарихидир.

Чингиз Айтматовнинг сюжетлари – бошидан кечирган, жонидан ўтказган, кўнглида туйган, онгида муҳрланган, болалигининг беғубор осмонларнинг қуюқ булутларга тўлдирган воқеликнинг ҳаётий фабуласидир. Тақдири азал унинг манглайига бахтсиз болалик дастхатини қора ҳарфлар билан битган эди. Тош асрида ҳам, қулдорлик ва феодализм шароитида ҳам хунрезликлар, зўравонликлар, вайронагарчиликлар бўлиб турган, азалий ва муқаддас қадриятлар топталган, инсон хорлик ва зорликка гирифтор этилган, рўзи қиёматдан дарак берувчи замон аломатлари бот-бот бўй кўрсатган, бироқ буларнинг ҳеч бири кўлами, трагизми, бардавомийлиги билан ХХ асрдагидек бўлмаган эди. Бўлғуси адибнинг болалиги шундай шароитда кечди.

Чингиз Айтматов яратган характерларнинг кўпчилиги якка, ёлғиз, етим, ўгай, кимсасиз… Уларнинг биографиясини бир қур кўздан кечириб чиқсак, ёзувчи деярли барча асарларида ушбу мотивга қайта-қайта мурожаат қилганлигини кўриш мумкин.

Гарчи мифология ижодининг ажралмас қисми бўлса-да, Чингиз Айтматов яратган характерлар юнон мифологиясидаги қаҳрамонлардек осмондан тушиб келмайди, уларнинг зуваласида маъбудликка ё Худоликка даъвогарлик ҳам йўқ. Улар бор бўй-басти, руҳияти, сезимлари билан тарихан конкрет макон ва замондан ўсиб чиқадилар.

Ҳар бир характер Чингиз Айтматов асарларига ўзининг ўтмиши билан кириб келади. Ўтмиш бу характерлар учун  хотиралар тафтида исиниб, бир пас тин олгач, бир манзилдан ўзга манзилга, бир фаолиятдан бошқа бир фаолиятга йўлловчи ўзига хос адабий бекат. Пиёда, отда, аравада, тракторда, юк машинасида, поездда келаётган ё кетаётган бу қаҳрамонлар шу боис ҳамиша йўлда. Давр суронлари аро ўзликларини излашади. Гўёки улар сабру бардошдан яралгандек тақдирнинг қақшатқич зарбаларида ҳам ўзликларини йўқотмайдилар, яшашга бўлган иштиёқ, ҳаётсеварлик уларни абсурд кўчаларга кириб кетишдан асрайди.

Минг йилликлар билан бўйлашадиган қирғиз халқи ҳаётидаги қиз олиб қочиш мотивига ёзувчи янги, замонавий либос кийдиради. Чингиз Айтматовнинг талқинича, чинакам севги, муҳаббат олдида узоқ асрлик уруғчилик анъаналари, расм-русумлари ўз аҳамиятини, мазмун-моҳиятини тўлиқ сақлаб қололмайди. Ёзувчи гўёки қўлига тарози олиб, унинг бир палласига қирғиз халқининг ўтмишини, иккинчи палласига келажагини қўйиб салмоқлаётгандек,  чамалаётгандек. “Жамила” қиссасида Жамила Дониёр билан аҳду паймон қилганида урушга кетган совет аскари Содиқнинг хотини эди. Соцреализм ақидаларидан келиб чиқадиган бўлсак, Чингиз Айтматовнинг бунақа талқини “шаккоклик”да бошқа нарса ҳисобланмасди. Қисса  шўро адабиётшунослигида анча танқид қилинди. Бироқ машҳур фаранг адиби Луи Арагон Айтматовнинг мазкур қиссасини француз тилига таржима қилиб, “Жаҳондаги энг гўзал севги қиссаси”, дея эътироф этгани Чингиз Айтматовни юз беражак кўпгина касофатлардан сақлаб  қолгани ҳам ҳақиқат.

“Сарвиқомат Дилбарим”да Илёс билан аҳду паймон қилганида Асал узоқроқ бир  қариндошига унаштирилган эди. Илёс Асални ўғирлаб кетади, севиб турмуш қуришади, бироқ бахтли бўлишолмайди. Бахтсиз муҳаббат мотиви адиб асарларида тез-тез учраб туради. Танабой ва Бибижон, Райимали оқин ва Бегимой, Эдигей ва Зарифа муносабатлари алоҳида- алоҳида армон ва ўкинч шевасида битилган мунгли, маҳзун муҳаббатномалардир. Бир-бирига ўхшамаган, бир-бирини такрорламайдиган бу севги қиссаларидаги жуфтликларнинг ҳар бири ўзларича бахтсиз. Уларни бирлаштириб турган севги ришталари айрилиққа туташаверади. Ёзувчи оила, муҳаббат, бурч масалаларини талқин этганда шарқона менталитетга таянади. Табиийки, Ғарб ёзувчиси бу масалаларни бошқача талқин этган бўларди.

Чингиз Айтматов поэтик услубининг яна бир жиҳати – унинг персонажлари кўпинча табиий офат синовларига дуч келади. Кутилмаганда ёғиб қоладиган ёмғир, жала, қор, сув тошқини, ҳаво ҳароратининг тўсатдан пасайиши, қуюқ туман ва бошқа табиат ҳодисалари шусиз ҳам мураккаб вазиятни, муносабатларни, конфликтни янада чигаллаштириб юборади, сюжетнинг янги бир тармоғини юзага келтиради. “Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар” тўласинча ана шу концепция асосига қурилган. Бу асарда ёзувчи учун қадрдон бўлган тоғу даштлар адабий макони океанга кўчирилади. Тўртовлон қайиқда овга чиққанда океанни қуюқ туман қоплайди. Табиатда “иш ташлаш” бошланади. Қуёш нур сочмайди, юлдузлар йўл кўрсатмайди, туманни тарқатиш учун шамол ҳам эсмайди. Қуюқ ва муаллақ туман…

“Лекин бу тун ҳам об-ҳаво зарра ўзгармади. Денгиз устидаги туман аввалгидай парвои палак, донг қотиб қолганди. Борлиқни янада бўғиқ оқшом зулмати босди. Кетидан ақл бовар қилмайдиган даражада  узун, чидаб бўлмас даражада қоронғу, даҳшатли тун бошланди. Лекин қанийди тун оралиғида шамол турса, майли, бўрон турса, тўфон бўлса ҳам майлийди, ишқилиб, ҳаво очилиб, осмонда юлдузлар кўрина қолса! Лекин тунда заррача ўзгариш аломати, сувда бирорта тўлқин, ҳавода бирорта эпкин йўқ эди – борлиқ чексиз сукунатга, чексиз зулматга чулғанган эди. Чексиз зулмат қўйнида адашиб қолган ёлғиз қайиқ ва ундаги азоб-уқубатдан, очликдан, ташналикдан тинка мадори қуриган одамлар туман ичида писта пўчоғидай бир жойда айланишар, номаълум қисмат ва умидсизлик чангалидан чиқолмас эдилар…” (Чингиз Айтматов. Танланган асарлар. Қиссалар. “Шарқ” 2016, 634-бет).

Ёзувчи шундай бир трагик вазият яратадики, қаҳрамоннинг биргина сўзи, биргина ҳаракати унинг ким эканлигини ярқ этиб намоён қилади. Океаннинг суви шўр – ичиб бўлмайди, чучук сув тугаёзган, егуликка эса қуритилган шўр балиқ қолган, холос. Туман тарқаб, соҳилга етгунча бола – Кирискка сув етар-етмас. Кирискнинг яшаб қолиши учун аввал бобоси, кейин тоғаси, сўнг отаси ўзларини қурбон қиладилар – инон-ихтиёрларини чексиз зулмат ва сув қоплаган баҳрга топширадилар.

Чингиз Айтматов реалист ижодкор. Унинг реализми мифология, халқ оғзаки ижоди, диний сюжетлар ва мотивлар, фантастикага тўйинган реализмдир. “Мусибат паллаларида бир оғиз айтилган гапнинг тагида ундан неча баробар кўп ҳақиқатлар айтилмасдан туради”, дейди “Сарвиқомат дилбарим” асари қаҳрамонларидан бири. Агар адиб ижодини шўро даври мусибатлари тарихи деб тасаввур қиладиган бўлсак, ёзувчи айтмоқчи бўлган жуда кўп ҳақиқатлар унинг услубига жило берган эртак, ривоят, мифларнинг қат-қатига сингдириб юборилганлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Чингиз Айтматовнинг реал ҳаётдан мифологияга,  мифологиядан реал ҳаётга табиий ўтиб кетишини таъминлайдиган поэтик усуллари бор. Булар – туш кўриш, иситмада алаҳлаш, айни пайтда ўзга жонзотга эврилиш истаги, галюцинация ҳолатларидир.

“Оқ кема”да бола балиқ одам бўлиб кетишни орзу қилса, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”да Ўрхун бобо сув париси билан бирлашиб, мангуликка сингиб кетиш умидида дунёдан ўтади.

Г.Флобер: “Бовари хоним – бу менинг ўзим”, дея бежиз айтмаган. Ҳуш ва туш оралиғида яшаётган бола ҳам, Ўрхун бобо ҳам – ёзувчининг ўзи. Чунки Чингиз Айтматов Мухтор Шохонов билан бўлган суҳбатларида алағда тушлар кўришини таъкидлаб ўтади. “Чўққида қолган овчининг оҳу зори”даги иқрорномалар Чингиз Айтматов ижод оламига олиб кирадиган калит, унинг ва қаҳрамонларининг таржимаи ҳолидир.

Чингиз Айтматов феноменини юзага чиқарган яна бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Буюк ёзувчи адабиётга янги инсонни, янги характерни олиб кирди. Бу инсон образи ўзининг яқин салафларидан фарқли ўлароқ курашчан, жанговар ҳамда муайян ғоялар яловбардори эмас, балки кичикроқ бир жуғрофий ҳудудда ўзлигини, жамиятдаги ўрнини излаётган инсон. Габриэл Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” асари билан Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” асари деярли бир вақтда яратилган. Реализм ва мифологиянинг уйғунлиги, параллел ҳолда кечиши ҳар икки асар учун хос хусусият. Бундан ташқари, ҳар икки асарнинг воқеа-ҳодисалари цивилизациядан четроқ, овлоқ ёпиқ маконларда кечади. “Ёлғизликнинг юз йили” қаҳрамонлари Макондонинг тўрт тарафидан сув билан ўралганлигини англаб,  тамаддундан  четда чириб, ном-нишонсиз йўқолиб кетмаслик учун у ердан чиқишга ҳаракат қилишади. “Оқ кема” қаҳрамонлари эса ўз маконлари – ўрмон хўжалигидан чиқиб кетишни  хаёлларига ҳам келтиришмайди. Чунки уларни цивилизациянинг ўзи шу овлоқ гўшага улоқтириб ташлаган.

Узоқ асрлар давомида чорва ортидан яйловдан тоққа, тоғдан яйловга ўтови билан кўчиб юрган кишилар учун шаҳар ҳаёти зерикарли, диққинафас, сохта. Шу боис ҳеч қандай куч уларни бу маконларидан чиқаролмайди. Ўрмон хўжалигида бор-йўғи учта оила: Мўмин чол кампири ва невараси билан, Ўрозқул хотини Бикей ҳамда Сейидахмед хотини Гулжамол ва қизчаси билан яшашади.

“Оқ кема”нинг архитектоникаси шундай қурилганки, персонажларнинг  бирортаси ўзлари яшаб турган микро ҳудуддан ташқарига чиқиб кетолмайди: ҳамма бир-бирига бегона бўлса-да, айни дамда ҳамма бир-бирига кўринмас иплар билан боғлаб ташлангандек.

Сюжет оддий: жоҳил Ўрозқул ҳар гал маст бўлиб, фарзандсизлиги чун хотинини калтаклайди, Мўмин чол – табиатан муте, қўлидан ҳеч иш келмай, титраб-қақшаб изтироб чекади, Ўрозқулга ялиниб-ёлворади. Бир чеккада буларни кузатиб турган бола йиғлаб, ўзининг эртаклар дунёсига талпинади. Қиссада келтирилган шу реал ҳаёт манзараси билан параллел равишда киритилган ривоят туфайли асар сюжетидаги хронотоп, яъни макон ва замон категорияси чексиз космик миқёсларга кўтарилади. Ривоят қирғиз халқининг келиб чиқиш тарихидан бошланади. Ривоятдаги рамзийлик боис ўтмиш ва келажак бугуннинг чорраҳасида учрашади. Табиатан мўмин бўлган чол, эртак ва ривоятларга ёш боладек ишонадиган, кўз ёши қилиб тинглайдиган бу чол фожиалар гирдобида яшайди. Реал воқеликдан зада бўлиб, эртаклар оламига сингиб бораётган бола – ўтмиш ва келажакни боғлаб турган узв, кўприк. Ўрозқул эса жоҳилликнинг тимсоли. Жаҳолат эса, маълумки, барча замонларда ҳам қурбонлик талаб қилган – ривоятда шохдор Она Буғу, қиссада Бола жаҳолат қурбонига айланади.

Мўмин чол умрида илк бор исён кўтаргач, яъни Ўрозқулнинг дағдағаларига қулоқ солмай, неварасини мактабдан олиб келиш учун Оқбошни миниб кетгач, Ўрозқул маст бўлади-ю, хотинини уйдан ҳайдаб юборади. Фалакнинг бедодлигини қарангки, бу аёл эрини эмас, эрига гап қайтарган ўз отасини қарғай бошлайди.

Мўмин бобо бу ҳаётда нимагаки эришган бўлса, барчаси завол топди. Ўғли урушда ҳалок бўлди, хотини унинг доғида вафот этди, қизи боласини унга қолдириб, шаҳарга кетиб қолди. Катта қизи Бикейнинг аҳволи эса бу. Ўзи эса кейинги кампирининг қарғиши ва Ўрозқулнинг зуғумларини ютиб яшашга маҳкум. Бу фожеаларнинг кўлами кенг, бу фожеаларнинг поёни йўқ. Булар камлик қилгандек Мўмин бобонинг шохдор Она Буғуга – халқининг халоскорига, ўзининг ўтмишига, боланинг келажагига ўз қўллари билан ўқ узиши шундай ҳаётий мантиқ билан асосланганки, ҳеч қандай фантастик тафаккур кучи билан ҳам бу ҳақиқатни рад этиб бўлмайди.

Чингиз Айтматов Мўмин чол тимсолида давр воқелиги эзиб, абгор қилган инсон образини яратган эди. Кейинчалик романларида яратилган манқурт, икс зурриётлар ғарбу шарқда, шимолу жанубда кечган, кечаётган воқеликнинг бадиий умумлашмалари, назаркарда адибнинг кароматлари бўлиб қолди.

“Кассандра тамғаси”га келиб, ёзувчи ўзликдан, қадриятлардан воз кечишнинг фоже оқибатлари глобал миқёсларга чиққанлигини кўрсатади. Крилцов ўз лабораториясида ундирилган эмбрионлардан маҳкума аёлларнинг бачадонларига кўплаб икс зурриётлар, яъни ота-онаси ҳам, ака-укалари ҳам, тоға-жиянлари ҳам, хуллас, бирорта қариндош-уруғи йўқ болалар етиштира бошлайди.

ХХ асрнинг охирги ўн йилликларида кечган тарихий жараён – бир тузумдан иккинчи тузумга ўтиш бошқа онг қирралари каби бадиий адабиётда ҳам ижтимоий фикрнинг салмоғини оширди. Шулардан келиб чиқиб, Чингиз Айтматов услубидаги икки асосга эътибор қаратмоқ зарур. Қиссаларида табиат ва табиатга яқин характерлар кашф этилган бўлса, романларида жамият ва шахснинг ижтимоийлашиш жараёнлари кучайганлиги сезилади. Ҳозирда ана шу икки асоснинг турли хил комбинацияларидан ранг-баранг асарлар яратиляптики, бу алоҳида тадқиқот мавзуи.

     Таниқли адабиётшунос И.Ғафуров Айтматов асарларидан қиёмат азобларининг фарёди эшитилиб туришини таъкидлайди. Чиндан ҳам бу асарларда охирзамон аломатлари ўзининг бутун маҳобати билан гавдаланади. Шу билан бирга, ёзувчи инсон умринининг пойдорлиги ва бардавомлигига, инсоният келажагига умид билан қарайди, ана шу умидворлик энг оғир дамларда ҳам унинг қаҳрамонлари қалбига таскин ва далда беради.

“…Инсон ўйлари билан Денгизга ва Осмонга тенглаша олади. Шу ўйлари билан у табиатнинг абадий қудрати олдида ўзининг мавжудлигини исботлайди, шу билан инсон коинотнинг теранлиги ва юксаклигига муносиб бўла олади. Шунинг учун инсон ҳаёт экан, у руҳан денгиздай қудратли, руҳан осмондай чексиз: чунки ўй-хаёлотнинг чеки йўқ. Агар инсон ўлса, унинг ўй-хаёлларини бошқа бир инсон давом эттиради, у ҳам ўлса, кейингиси ва ҳоказо, бу ҳодиса чексиз давом этаверади…” (605-бет).

Инсон иродаси ва шаънига тиклаган бадиий обидалари туфайли Чингиз Айтматовни кўпчилик илм ва ижод аҳли Алишер Навоий, Лев Толстой, Михаил Шолохов, Габриэл Маркесларга қиёслашади. Бу тўғри. Чунки ҳар бир давр ўз ғояларининг ифодаси ўлароқ ана шундай мутафаккирларни тарих саҳнасига олиб чиқади.

Тасаввуф талқинига кўра, оламнинг яратилишидан мақсад – инсон, инсоннинг яратилишидан мақсад комил инсондир. Комилликка йўл – шоду хуррамликка йўл эмас, қайғуга сафар, мусибатларга сафар. Ҳақиқий талантнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳам худди шундай – машаққат ва заҳматлардан яралади, ўзликни англаш ва тинглашга даъват этади, маънавий покланиш ва юксалишга чорлайди.

Ана шу азалий ва абадий ҳақиқатни  Чингиз Айтматов ўз асарлари билан ҳаёт ва давр тасдиғидан ўтказди.

Шавкат ҲАСАНОВ,

Самарқанд давлат университети профессори.