Чиқинди учун хизмат нархини ошириш керакми? Нега?

Вилоят Матбуот уйида депутатлар, вилоятдаги санитар тозалаш корхоналари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида шу масалага бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Халқ депутатари вилоят Кенгаши депутати, аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Бахтиёр Абдуллаев олиб борган анжуман кўпроқ муҳокама шаклида ўтди. Унда дастлаб, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Бекзод Пайшанов вилоятда чиқиндиларни олиб чиқиш ва қайта ишлаш ҳолати, тизимдаги муаммолар ва уларни ҳал қилиш бўйича таклиф қилинаётган ечимлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, шу кунда вилоятнинг 1123 та маҳалласидаги 794770 та хонадондан чиқиндиларни олиб чиқиш ташкил этилган. Жараёнга масъул ташкилотларнинг 411 та махсус техникаси ҳамда 2 минг нафардан зиёд ходими жалб қилинган. Бироқ амалдаги тарифларнинг пастлиги, қўшимча даромаднинг йўқлиги сабабли корхоналар молиявий барқарор фаолият юрита олмаяпти. Бу ўз навбатида хизмат кўрсатиш сифатининг пасайишига олиб келмоқда.
Вилоят ҳокимининг 2024 йилдаги тегишли қарори билан Самарқанд шаҳри ва туманида аҳоли тарифи бир киши учун бир ойда 5600 сўм, бошқа туман ва шаҳарларда 4624 сўм қилиб белгиланган. Янги таклифга кўра, буни Самарқанд шаҳри ва тумани аҳолисига 9500, юридик шахсларига 1 метр куб учун 124 минг сўм, қолган туман ва шаҳар аҳолисига 8 минг ҳамда юридик шахсларига 1 метр куб учун 100800 сўм қилиб белгилаш назарда тутилган.
Анжуман иштирокчиларини асосан айни сумма қаердан келиб чиққанлиги ва янги тарифнинг тизим фаолиятида қандай акс этиши масаласи қизиқтирди. Санитар тозалаш корхоналари раҳбарларининг берган изоҳига кўра, улар ўтган йиллар давомида фақат молиявий зарар билан ишлаган. Бу вазият махсус техникаларнинг ёнилғи-мойлаш материаллари, техник воситалар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари нархи ошиши ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори оширилиши баробарида янада оғирлашмоқда. Оқибатда корхоналар тўлиқ қувват билан ишлай олмай, аҳолининг норозилиги ҳам ошмоқда.
Тадбирда янги тариф айни муаммоларни қисман ҳал қилиш имконини бериши айтилди. Шунингдек, тегишли корхоналар қўшимча даромад қилиш учун чиқиндини қайта ишлаш бўйича лойиҳаларга қўл ураётгани, кейинчалик бу қолган харажатларни қоплаши режалаштирилгани таъкидланди.
Тадбирда Президентнинг “Чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини янада такомиллаштириш ҳамда комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда бошқа ҳужжатлар асосида соҳада амалга оширилиши белгиланган ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Асқар Баротов.