Чироқ ўчса ҳам одамийлик ўчмасин!

Светимиз ўчиб қолди. Бир соат аввал, шаҳар электр тармоқларига қўнғироқ қилдим. Телефонни кўтарган диспетчерни бугунги байрами - Энергетиклар куни билан қутладим. Гўшакнинг нариги томонида бир неча сониялик жимлик юзага келди.

- Бугун байрамларингиз шекилли, чин дилдан табриклайман, эл хизматида ҳормангизлар. Байрам куни ҳам ишлаб, чарчаманглар, - дедим.

- Хайрият-эй, бир илиқ гап эшитарканмиз, катта раҳмат опа!

- Узр, байрам бўлсаям айтишга мажбурмиз, фалон кўчада яшайман, чироғимиз бир соатдан бери ўчган.

- Ҳозир опа, бригада етиб боради, манзилингизни ёзиб олдим. Яна бир бор раҳмат!

Ишониб ишонмай ўтиргандим, йигирма дақиқа ўтар-ўтмас, лип этиб чироқ ёнди. Ҳайратланиб, яна ўша рақамга териб, миннатдорчилик билдирдим. Нариги томондан ҳам ҳайрат садолари эшитилди. «Бунақаси ҳали бўлмаган!».

Хуллас, бир соат чироқ ўчган пайти кўп хотиралар ёдимга тушди. Электр энергиясидаги бир соат нима эмиш, кун, ҳафталар давомидаги узилишлар, корхонанинг телефон рақамига соатлаб терсангиз ҳам тушолмасдик. Баъзида чироқ ёққич қаерда жойлашганини унутиб ҳам юборганим, чироқ ўчгани етмагандай газ босимининг ҳам милтиллаб туриши, совқотиб қолмаслик учун сакраб-сакраб, қўлларимни куҳлаб-куҳлаб, ошхонада газ баллонда овқат қилганларим яқингина ўтмиш экан, ўйлаб қарасам.

Хуллас, чалғиб кетдим. Байрамингиз муборак бўлсин, қадрли энергетиклар! Ҳаётингиз нурли янгиликларга бой бўлсин!

Гулруҳ МЎМИНОВА.