Чўлпон издошлари сабоқ ва мушоирага йиғилдилар
Таниқли маърифатпарвар жадид, миллат ва озодлик куйчиси Абдулҳамид Чўлпон номидаги жамоатчилик фонди адабиёт ихлосмандлари ўртасида ибратли тадбирларга қўл урмоқда. Жумладан, «Чўлпон издошлари» семинари вақти-вақти билан ҳар бир вилоятда ташкил этилмоқда. Бу гал буюк адиб ихлосмандлари Самарқандда тўпландилар.
Ижодкор меҳмонлар қадимий кентнинг диққатга сазовор обидалари томошасидан сўнг Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилдилар.
Сўлим боғда ўтказилган семинар давомида Чўлпон ижодининг аҳамияти, қадр-қиммати, шеъриятдаги маҳорати хусусида гап борди. Жумладан, унинг билим салоҳияти, қувваи ҳофизаси, ўз халқига садоқати хусусида мисоллар келтирилди.
Фонд раиси Муҳаммадрасул Маматқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугал, уюшма аъзоларидан Ф.Тошев, Х.Нуруллаев, З.Иброҳимов ва бошқалар ана шу ҳақда фикр юритдилар.
Мушоира ҳам қизғин бўлди. Ҳар бир иштирокчи даврада Чўлпон услубига мос, муҳими, бугунги давр мавзусидаги машқлардан ўқиб бердилар.
Айниқса, Мушарраф Хўжабекова (Қўшработ), Тўлқин Абанов (Андижон), Роҳила Шерова кабиларнинг чиқишлари кўпчиликка маъқул бўлди.