Чўпонлар нега кўзойнак тақмайди?
Чўл, дашт шароитини фақатгина ўша ерда яшаган инсонлар билади. Сизу биз баҳор вақтида бориб, «экзотика», деб билувчи гўзал табиатнинг жуда кўп инжиқликлари бор. Табиатнинг бу «неъмат»и даштда яшовчиларга қор-қировли қишда ҳам, жазирама саратонда ҳам ҳамроҳ бўлади.
Тасаввур қилинг: атроф қум, ёлғиз ўтов, қўни-қўшни йўқ, дардкашингиз фақат қўй-қўзилар. Қишда чўпоннинг қўрасига бўри «меҳмон» бўлса, ёзда чаён ва соя излаган ўқ илонлар ўзини ўтовга уради. Лекин бу шароитда чўпонлар учун кўникма бор. Ҳаёт шу. Тақдир ҳам.
Ана шундай тақдир эгаси Айдаркўл соҳиллари билан туташган ҳудудда яшайдиган Жумабек Давлатов.
Меҳмон эканлигимизни билиб, чўпон акамиз шошилганича бошпанасига кириб кетди. Шу ондаёқ сокин отарда ўчоққа ўт қалаш, яна нималардир бошланиб кетди.
— Бир пиёла чой ичиб кетмасак, чўпон хафа бўлади, бу — удум, - дейди ҳамроҳларим.
Шу аснода бир пиёла чой устида чўпон билан суҳбатимиз бошланди.
— Биз, чўпонлар осмонга қараган халқмиз, - дейди Жумабек ака. - Бу йил айнан биз кутган об-ҳаво бўлди. Инжиқ табиатнинг қор ва ёмғиридан доим умидвормиз.
Чўпон таёғи
Бир қарашда оддийгина кўринган чўпон таёғида кўп рамзий маъно бор экан. Ўша таёқ жуда қадрланар экан.
— Отамдан 26 ёшимда шу таёқни қабул қилганимдан сўнг чўпон, деган ҳақиқий мавқега эришганман, — дейди қаҳрамонимиз. — Бу таёқни отамнинг отаси унга берган, у менга, мен эса фарзандларимга бераман. Бу таёқ аждодларимиздан қолган мерос. Биз учун жуда қадрли, доимий ҳамроҳ, турли хавфлардан асрагувчи восита. У доим отамни эслатиб туради. Ҳатто, бир бор ҳаётимни асраб қолган. Бир куни очиқ чўлда иккита бўрига дуч келиб қолдим, атрофда ҳеч ким йўқ, ёрдам чақириш бефойда. Бўрилар эса ҳужумга шайланяпти, шунда шу таёқни олиб ҳавода силкидимда, худди милтиқ ушлагандай уларга ўқталдим, бўрилар дарров қочиб қолди...
Айтишларича, дунёдаги энг ўткир кўз соҳиблари — чўпонлар бўлар экан. Бунга сабаб фақат олисларга қадалган нигоҳлар эмас, балки чўпонларнинг ҳар оқшом гулхан атрофидаги ўтириши экан. Бу гулхан асосан чўл янтоғидан ҳосил бўлади ва у кўзнинг зарарли заҳрини оларкан.
Чўпонларнинг аксарияти соғлом бўлиб, улар кунига 30 километргача масофани пиёда босиб ўтади. Яна бир қизиқ маълумот: чўпонлар деярли дорихонага мурожаат қилмайди. Эҳтимол бунда чўлдаги табиий гиёҳлар, кўлдан тутилган балиқлар, барра қўй гўшти, туя, эчки сут-қатиғининг ўрни бўлса ажаб эмас.
Яна бир эътиборимни тортгани — чўпонларнинг қалин кийими бўлди. Бу қалин кийим уларни қишда қаҳратондан, ёзда эса иссиқдан сақлар экан. Қандай дейсизми? Жазирамада уни кийиб бир терлаган одам салқингина юради.
Чўпоннинг бахти
Чўпонларнинг қўналғасидан олислай туриб, катта шаҳарларда интернет ярим соатга ишламаса, ТВ-кабели ўчиб қолса, такси кечикса юзага келадиган бетоқатликлар ҳақида ўйладим. «Инсон шуларсиз ҳам яшаса бўларкану», деган фикр хаёлимдан ўтди.
Мақола тайёрлаш давомида чўпонларнинг аёллари билан ҳам суҳбатлашдик. Уларнинг юзида чексиз сабот, ҳаёт синовлари изларини ва шу билан бирга, мағрурлик, ўзига яраша бахтиёрлик, чексиз тоқат, камтаринлик, бардош намоён. Улар ҳечам гўзаллик салонига бормайди, ясама киприк, тирноқлар уламайди, кўнгли тўсаб «бутик» расталарини айланмайди. У қўй боқади, нон ёпади, кир ювади, овқат пиширади, меҳмон кутади. Ҳеч қачон ҳеч кимга ҳеч нимадан нолимайди. Уларда ўзбек аёлининг садоқатини, оиласига бўлган чексиз меҳрини, борига қаноатини ва саботини кўриш мумкин.
Англаганиб, чўпон бўлиш учун қўйнинг туёғидан қаттиқ бўлиш керак экан.
Шуҳрат НОРМУРОДОВ,
Навоий вилояти.