Чўпонотада қурилаётган халқаро автовокзал қачон фойдаланишга топширилади, янги автобуслар қайси йўналишларга қўйилди?

Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш, янги автобус ва электробуслар олиб келиш, хизмат сифатини ошириш ва йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида қандай ишлар олиб борилмоқда?

Вилоят транспорт бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда ана шу саволларгажавоб изланди.

Қиймати 80 миллиард сўмлик замонавий автовокзал

Республикамизнинг энг кўп вилоят ва шаҳарларидан, қолаверса, қўшни давлатлардан келадиган йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун қулай ҳудудда, яъни Самарқанд шаҳрининг Чўпонота массивида замонавий автовокзал қурилмоқда. Умумий ер майдони 4,6 гектар бўлган ушбу объектда “SXF Kemping” МЧЖ томонидан қурилиш ишларининг якуний босқичи олиб бориляпти. 

 - Автовокзал бир вақтнинг ўзида 100 та автобус, 150 та микроавтобус ва 300 та енгил турдаги транспорт воситаларини қабул қилишга мўлжалланган, - дейди “SXF Kemping” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Шоҳруҳ Рофиев. – Лойиҳа бўйича вокзалнинг асосий маъмурий (йўловчилар кутиш зали) биноси, автобуслар, микроавтобуслар ва енгил турдаги транспорт воситалари учун техник хизмат кўрсатиш бинолари, автотураргоҳлар, автобусларнинг халқаро, вилоятлар ва шаҳарлараро йўналишлар бўйича ҳаракатланиш майдонлари (йўловчилар учун перрон), туманлараро ва шаҳар йўналиши бўйича автобус ва микроавтобусларнинг ҳаракатланиш майдонлари (йўловчилар учун перрон), йўналишсиз таксиларнинг шаҳар йўналиши бўйича ҳаракатланиш майдонлари, йўловчи ва ҳайдовчилар учун тиббий хизмат, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш объектлари, кўнгилочар ва турли дам олиш майдонлари бўлади. Автовокзал жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилади ва 1000 та ишни ўрни яратилади. 

30 та янги автобус йўналишларга қўйилди

Вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Равшан Тожиевнинг маълум қилишича, Самарқанд шаҳри жамоат транспорти тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Хитойдан 30 та замонавий “Asia Star” русумли автобус олиб келинган. Вилоятда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи “Самарқанд ҳамкор транс” МЧЖ томонидан келтирилган ушбу автобуслар тендер танловлари орқали шаҳардаги 17 ва 99-маршрут йўналишларига брутто-шартномаси асосида жойлаштирилган. Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун электробуслар харид қилиш ва улар билан бевосита боғлиқ инфратузилмани яратиш” лойиҳаси доирасида шаҳарга 100 та электробус олиб келинган бўлиб, йил охиригача Самарқандга яна 250 та электробус келтирилиши режалаштирилган.

Пресс-тур давомида “Samarkand yo‘lovchi trans” давлат корхонаси фаолияти билан ҳам танишдик. Айни пайтда корхонада 300 нафарга яқин ходим фаолият кўрсатмоқда ва улар томонидан жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида 2 миллион  931 минг 196 нафар фукарога хизмат кўрсатилган.

“Samarkand yo‘lovchi trans” корхонасида янги лойиҳалар амалга оширилади

- 2025-2030 йилларда бир нечта янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз, - дейди “Samarkand yo‘lovchi trans” давлат корхонаси раҳбари Отабек Абдуллаев. – Жумладан, 2025-2026 йилларда 3 дона икки каватли турист ташувчи, 6 дона микроавтобус, 2 дона юмшоқ ўриндиқли электробуслар харид қилинади. 2026-2027 йилларда эса электробусларни қувватлаш учун 35 КВтли нимстанциялар қуриш, лойиҳалаш, 10 та 2500 КВт, 6 та 1600 КВт ГКТР ўрнатиш лойиҳаси бажарилади. Шунингдек, 144 та электробус учун мўлжалланган айвон қуриш, Европа тараққиёт ва тикланиш банки маблағлари ҳисобидан 73 миллиард сўмлик лойиҳа-смета асосида корхонамизда электробусларни таъмирлаш устахонаси тўлиқ замонавий жиҳозлар билан қуриш, 60 та электробус учун айвон тураргоҳи ва 30 дона қувватлаш ускунасини ўрнатиш ҳамда электробусларни ювиш ускуналарини ўрнатиш режалаштирилган.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.