Чорвачиликнинг ривожи наслчиликда

Самарқандда Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКА)нинг малакали мутахассислари ва олимларидан иборат гуруҳи томонидан Навоий, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари чорвачилик хўжаликлари раҳбарлари ва ветеринария бошқармалари ходимлари учун бир ҳафталик ўқув-семинар машғулотлари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва ТIКА ўртасида ҳамкорлик алоқалари бир неча йўналишларни ўз ичига олган.  Буларнинг энг асосийси наслчилик ва уруғчилик селекциясидир.

“Сунъий уруғлантириш ва наслчилик ишининг ҳуқуқий нормалари  бўйича инструкторлар тренинги дастури” мавзусидаги ўқув машғулотлари  Самарқанд ветеринария медицинаси институтида ташкил этилди.

Семинар ишида институтнинг таниқли олимлари, профессор ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этишмоқда.

Машғулотларда экспертлар томонидан сунъий уруғлантириш борасида Туркияда қўлга киритилган самарали натижалар, билим ва тажрибалар ва бу ишда ТIКА мутасаддиларининг иштироки хусусида маълумотлар берилмоқда.

Таниқли ветеринар-врач, Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон  хўжалиги вазирлиги чорвачилик бош бошқармаси сунъий уруғлантириш ва ўқув ишлари бўлими бошлиғи Али Ихсан Акиннинг сўзларига кўра, ТIКА  бу борада дунёнинг 150 дан ортиқ давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. 62 та давлатда ташкилотнинг ваколатхоналари ишлаб турибди. Дунёдаги вазият, ривожланиш мунтазам ўрганилиб, таҳлил қилиб борилади, тадқиқотлар амалга оширилади.

Масаланинг долзарблиги шундаки, бугун дунё аҳли олдида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек, глобал муаммо кун тартибидаги долзарб масалага айланиб улгурди.

- Чорвани озиқлантириш орқали унда турли касалликларнинг олдини олиш мумкин, - деди Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги наслчилик ва селекция бўлими бошлиғи Ҳакан Улгей. - Фақат озиқлантириш рационини тўғри ташкил этиш керак. Кўп кузатиладиган ҳолат, баъзида йирик шохли қорамолларни икки баравар кўп - 12 килограмм эмас, 24 килограмм озуқа билан боқишади. Лекин маҳсулдорлик паст, касалликларга чидамсиз. Бунинг оддий сабаби озуқада. Озиқлантиришга кўп нарса боғлиқ.

Туркияда наслни яхшилаш мақсадида чорванинг шажарасини идентификация қилдик (чорва реестри, рўйхатга олиш, ҳужжатлаштириш). Бу иш селекция ривожланишига омил бўлди. Хўжаликларда аввал йирик шохли қорамоллар, сўнг қўй-эчки каби майда туёқли молларнинг рўйхатини шакллантирдик. Мунтазам кузатдик, тадқиқотлар олиб бордик ва самарадорликка, маҳсулдорликка эришдик.

Семинарда профессорлар Меҳмет Бозкурт Атаман ҳамда Али Курти иштирокчилар билан соҳага оид изланиш ва тажрибаларини ўртоқлашди.

Машғулотлар бир ҳафта давом этади.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.