"Coca-Cola" жамғармаси Ўзбекистонда COVID-19 вирусига қарши чора-тадбирлар учун 200 минг доллар ажратди

Жамғарманинг 200 000 АҚШ доллари миқдоридаги грант ажратишидан мақсади COVID-19 инқирози билан боғлиқ бўлган инсонпарварлик ёрдами доирасида Ўзбекистонга сунъий нафас олдириш ва бошқа тиббий ускуналарни тақдим этишдан иборат.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси "Coca-Cola" жамғармаси номидан ушбу миссиянинг ижроси учун масъул этиб белгиланган.
БМТ Тараққиёт дастури ва "Coca-Cola" жамғармасининг мазкур қўшма фаолияти доирасида инфекциянинг энг оғир оқибатларидан азият чекаётган беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкониятларини таъминлаш ва кишиларни бу вирусга чалинган ёки чалинмаганини аниқловчи тестларни ўтказиш учун зарур ускуналар зудлик билан сотиб олинади.
Маълумот ўрнида, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2011 йилдан буён "Coca-Cola" жамғармаси билан ҳамкорлик қилиб келади. Бу даврга қадар "Coca-Cola" жамғармаси умумий қиймати 505 минг AҚШ долларига тенг 5 та лойиҳани молиялаштирган. Ушбу лойиҳалар мамлакатдаги бир нечта муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда Самарқанд, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг чекка қишлоқ жойларида муваффақиятли амалга оширилган.