Coca-Cola компаниясининг биринчи реклама юзи қандай кўринишга эга эди
1899 йилда Coca-Colaнинг расмий рекламаси чиқди. Модель ва ижрочи Хильда Кларк тарихдаги бу машҳур бренднинг биринчи юзига айланди. Унинг сурати бир неча йил давомида замонавий либосда, ўзгармас табассум билан стакан ичидаги ичимликни намойиш қилиб плакатларни безарди.
Расмий бренд намояндаси бўлишидан олдин Хильда Кларк Бостонда яшаган ва мюзик-холда роль ўйнаган. Унинг кийиниш услуби XIX аср охиридаги русум ва аёл назокати асосий ғояларини бирлаштирарди, шу сабаб Coca-Cola у билан қизиқа бошлади.
1899 йилда у компания билан шартнома имзолади. Унинг юзи плакатларда ҳам, қулай тунука патнисларда ҳам пайдо бўла бошлади – овқатланиш корхоналарида янги ичимлик шу патнисларда хўрандаларга етказиларди. Айнан бу афишалар туфайли қиз дунё реклама тарихига кирди.
Унинг тасвири туширилган барча плакатлар қўлда чизилган бўларди. Биринчиларида Кларк чиройли ҳашаматли кўйлакда бўлиб, у столда гўёки дўсти томонидан ёзилган ёзувни ўқиб турар, унда ўша пайтларда Coca-Cola ваколатхонаси бўлган барча штатлар кўрсатиб ўтилган эди.
Бироқ, Кларкнинг сўзларига кўра, компанияда иштирок этишнинг асосий ютуғи бутун Америкада бўлган обрўси эмас, балки унинг келажакдаги турмуш ўртоғи билан учрашувидир. Ахир, миллионер ва ўз давридаги энг катта темир йўл магнати Фредерик Флауэр у ҳақида афишалардан билиб олганди.
Улар 1903 йилда турмуш қуришди, шундан кейин Хильда реклама ва саҳнадаги иш фаолиятини якунлади. Бироқ, унинг юзи истеъмолчилар орасида машҳур бўлишда давом этди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.