COVID-19 га қарши дориларнинг тест синовлари қачон бошланиши маълум қилинди

Коронавирус эпидемиясининг пандемияга айланиши ва икки ой ичида жаҳоннинг қарийб барча мамлакатларига тарқалиб улгургани фан-техника тараққиёти юқори даражага етганига қарамай, халқаро ҳамжамият ушбу касалликни жиловлай олмаганини кўрсатиб турибди. Пандемия инсонлар ҳаракатини чеклаб қўйди, иқтисодиётни карахт аҳволга келтирмоқда, ҳамма ёқда карантин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) тарқатган сўнгги маълумотларга қараганда, бугунга келиб коронавирусга чалинганлар сони дунё бўйича 500 минг кишидан ошди. Пандемия қурбонлари сони 23 минг кишини ташкил этмоқда.

Айни пайтда вирусга чалиниш ҳолати дунёнинг 201 та мамлакатида қайд этилган.

Қолаверса, ЖСТ COVID-19 пандемиясининг яна қанча вақтгача давом этишини айтишнинг имкони йўқлигини таъкидламоқда.

ЖСТ нинг соғлиқни сақлаш соҳасида юзага келадиган фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райан Женевада ўтказган брифингда коронавируснинг яна қанча чўзилиши хусусида тўхталиб, жумладан, шундай деди:. "Айни дамда ҳеч ким эпидемиянинг яна қанча давом этишини айта олмайди. Қаршимизда жуда кўп сценарийлар кўндаланг турибди".

Бундай пайтда дунё тиббиёт аҳли касалликнинг олдини олиш чорасини излаш билан бир қаторда, уни самарали даволаш усулини топмагунича муаммо узил-кесил ҳал бўлмаслигини таъкидлашмоқда.

Ҳазир барча давлатларда тиббий соҳа тадқиқотчилари вирусга қарши дори ихтиро қилиш, унинг олдини олиш учун вакцина топиш чораларини кўриш устида бош қотирмоқда. Шубҳасизки, бу каби тадқиқотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) дастурлари доирасида олиб борилмоқда. Куни кеча “Катта йигирматалик”ка аъзо давлатлар раҳбарларининг онлайн тарзда бўлиб ўтган саммитида ҳам коронавирусга қарши курашда ЖСТ ваколатини кенгайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Яқинда Женевада шаҳрида ЖСТ бош директори Тедрос Адхан Гербейесус коронавирусга қарши кураш дастури доирасида амалга оширилаётган тадқиқотлар хусусида журналистлар учун брифинг ўтказди. Унда бош директор COVID-19 коронавирусига қарши тўртта турли тоифадаги дорилар яқин вақт ичида кўнгиллиларда синаб кўрилишини маълум қилди. Унинг айтишича, ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот томонидан амалга оширилаётган тест синовлари ушбу дориларнинг энг самаралисини аниқлаб олишга ёрдам бериши керак.

"Бугун биз ушбу янгиликни айтишдан мамнунмизки, Норвегия ва Испанияда мижозлар илк бор “Бирдамлик тестлари” дастури рўйхатига ёзилди. Улар COVID-19га қарши тўртта турли тоифадаги дорининг хавфсизлиги ва касалликни даволаш самарасини ёки дорилар комбинациясини солиштириб кўрадилар.

"Бирдамлик тестлари" дастури ЖСТ томонидан 18 март куни бошланган эди. Ундан кўзланган мақсад жаҳонда COVID-19 касаллигини даволашнинг турли усуллари ҳақида маълумотларни алмашиш ҳисобланади ва шу йўл билан энг самарали дори танлаб олинади. Касалликни даволашнинг турли усуллари ҳақида маълумотлар алмашиш режасига ҳозирда Аргентина, Бахрайн, Канада, Франция, Эрон, Норвегия, Жанубий Африка республикаси, Испания, Швейцария ва Таиланд қўшилди. Ҳозирда ушбу дастурда жами 45 та давлат иштирок этмоқда.