COVID-19 сабабли АҚШнинг Калифорния штати 8 мингга яқин маҳбусни озодликка чиқаради

АҚШнинг Калифорния штати жазони ижро этиш ва (шахсни) қайта тиклаш департаменти (CDCR) коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида август ойининг сўнггига қадар 8 мингга яқин маҳбусни озодликка чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда департамент матбуот хизмати хабар қилди.

CDCR баёнотида келтирилишича, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида март ойидан бери амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида штат қамоқхоналаридаги маҳбуслар сони таҳминан 10 минг нафарга камайтирилган.

“Ушбу чора-тадбирлар маҳбуслар ва ходимлар саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда”, дея таъкидлади CDCR раҳбари Ралф Диаз.

Шу билан бирга, қамоқ муддати тугашига бир йилдан кам қолган ва зўравонлик харакатларини амалга оширишга мойиллиги йўқ бўлган маҳбусларгина озодликка чиқарилиши мумкинлиги алоҳида таъкидланди.