Даҳбед кўчасида «шоҳбекат», йўлдаги рейдлар, ўзини қопламаётган автобуслар…

Навбатдаги хизмат сафари билан Оқдарё туманига йўл олдим. Самарқанд шаҳридаги энг тор жой - Даҳбед ва Рудакий кўчалари чорраҳасидаги қатор савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган бинолар ёнидаги кафтдай жойда ўнлаб «Дамас»лар шундай жойлашганки, уларнинг моҳирлик билан тиғиз қўйилганидан ақлинг шошади. Атрофдаги бақир-чақиру, ғала-ғовур бозордагидан ўтиб тушади. Хуллас, худди мана шу жойдан Оқдарё, Пайариқ, Иштихон, Қўшработ туманларига транспорт қатнайди. «Автотураргоҳ» қоидалари бу ерда ҳам бор. Йўловчилар учун қулай жойда, нақ машиналарнинг тутуни остида нон, қанд-қурс очиқ-сочиқ сотилади. «Дамас»лар ҳам ўз навбатида шу кафтдай жой учун «стояншик»ка пул ташлаб, йўлга равона бўлишади.

Ҳайдовчининг ҳадиги

Оқдарёдан қайтишда эса енгил машинада, такси деб аталадиган, аммо хизмат ва сифати такси талабига жавоб бермайдиган «Nexia»да шаҳарга қайтдим. Йўлда ҳайдовчи негадир исмини айтиб, ўзини таништира бошлади. «Мабодо тўхтатишса, қариндошмиз, шаҳарга иш билан кетяпмиз, деб қўярсизлар», дея илтимос қилди.

- Ҳадик билан йўлга чиққандан кўра, ҳужжатларни тўғрилаб, лицензия олсангиз бўлмайдими? - дедим ранжиб.

- Опа, бизам қонуний ишлашни истаймиз, - ҳайдовчи ҳол сўровчи излаб юрган шекилли, дарҳол фикрларини айта бошлади. – Аммо енгил машинага лицензия олиш учун машинамни сариққа бўяшим керак, яна қатор шартлари бор 4-5 миллион сўм харажат қилишимга тўғри келади. Кўпинча индашмайди, аммо яқиндан бошлаб автобус йўлга қўйилди, шунга одамлар автобусга кўниккунга қадар енгил автомашиналар қатновини чеклаб туришади. Бу биринчи марта эмас, ўрганиб кетганмиз. Лекин автобусчиларга ҳам қийин. Одамлар истаган пайти енгил машина ё «Дамас»га миниб кетишга ўрганган. Автобуслар эса нархи арзон бўлса-да, йўловчи ололмай қийналади.

Рейд мавсуми

Бу каби воқеаларни биринчи марта эшитаётганимиз йўқ. Мисол учун, «Тошкент-Самарқанд» йўналишида қатнайдиган автобуслар йўлга қўйилганида ҳам рейд бошланганди. Улар ҳам юқоридаги ҳайдовчи каби «қариндош»ларини олиб Тошкент ё Самарқандга қатнай бошлайди. Шу мавзу бўйича мақола ёзилаётган пайтда телевидение орқали пойтахтга қатнайдиган автобус ҳайдовчисининг фикрларини эшитиб қолдим.

- Автобуслар йўлга қўйилганига анча бўлди. Нархи 35 минг сўм, аммо ҳали кўпчилик билмайди. Ёзда совуткичлар ишлаб туради, жуда қулай, - деди ҳайдовчи.

Ҳақиқатан ҳам йўловчи ташийдиган, биз ноқонуний деб айтишга ўрганиб қолган таксиларга нисбатан анча арзон. Савол туғилади. Хўш, нега бизда доим шундай? Нега бир ишни йўлга қўйишдан олдин ўша тармоқ чуқур ўрганилмайди? Тўғри, ҳамма соҳада ҳам эмас. Масалан, брендли дўконлар бозорга кириб олишдан олдин харид қувватини чуқур ўрганади, аҳолига ўзига хос, бозордагидан ўзгача, шунингдек, арзонроқ маҳсулотни чиқаради ва мижозни жалб этади. Мижозлар кўпая бошлагач, аста-секин нархлар яна ўша, бозор нархидай бўлади-қолади. Муҳими, мижоз, ўша дўконга киришга ўрганди, энди у нархга жиддий эътироз билдирмайди. Хўш, нега шу усул жамоат транспортига ҳам қўлланилмайди? Тўғри, жамоат транспортининг ижтимоий жиҳати мавжуд. Яъни аҳолининг ижтимоий ҳимояси йўлида ташкил этилаётган жамоат транспорти соҳасида даромад олиш бироз мураккаброқдир. Аммо имконсиз эмас.

Лицензия йўқ, талабгор кўп

Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси ходимларидан бу ҳақда сўраганимда, ҳақиқатан ҳам енгил автомашиналарга лицензия бериш тартиби мураккаб эканлиги, бу бўйича ҳукуматга таклиф берилганини айтишди. Шунингдек, айни пайтда Пахтачи ва Нарпай туманларидан ташқари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида автобус қатнови йўлга қўйилгани, улар аниқ жадвал асосида қатнаётганини билдиришди. Лекин бошқарма ходимларининг айтишича, бу автобуслар ўз таннархини қопламаяпти. Сабаби ўша – йўловчилар ноқонуний қатнаётган енгил автомобиллар хизматидан фойдаланаётганида эмиш.

Барча туман, шаҳар ва бошқа вилоятларга қатнайдиган енгил автомобилларнинг катта фоизи лицензиясиз. Демакки, на ҳайдовчининг, на машинанинг йўловчи олиб юриш учун тегишли ҳужжати бор (афсуски, йўловчилар ўзи минган таксининг лицензияси бор ёки йўқлигини фақат транспорт ҳодисаси юз бергандагина эслашади). Автобуслар эса ҳозирча устун томонини аҳолига намойиш этолмади, назаримизда, буни намойиш этишни истаётгани ҳам билинмаётир. Йўллардаги носозликлар автобуснинг туманларга енгил автомобилларга нисбатан катта вақт фарқи билан етиб боришини ҳисобга олсак, бу масалада уларга «ҳамдардлик» билдиргингиз келади. Аммо тизимни яхшилаш учун креатив ёндашув керак. Жамоат транспорти соҳаси жиддий ислоҳга муҳтож.

Гулруҳ МЎМИНОВА.