Дам олиш кунлари ҳаво салқин бўлади
"Ўзгидромет" хабарига кўра, 6 майда республика ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати +18…+23 даражагача пасаяди, бу май ойининг боши учун бўлган меъёрдан 3−5 даражага пастдир.
7 майда республиканинг марказий ва шарқий вилоятлари бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси +8…+13 даражагача пасаяди, кундузи ҳарорат +20…+25 даража атрофида бўлади.
Республиканинг айрим жойларида дўл ёғиши мумкин. 5 майда шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда, 6 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда шамол 22−25 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар бўлиши мумкин.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 5−7 май кунлари вақти-вақти билан момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Баланд тоғларда (2000 метрдан юқорида) ёмғир қорга айланиши мумкин.