Давлат дастурининг 2021 йил I чорагидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди
Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, жорий йилдаги Давлат дастури 273 та банддан иборат бўлиб, унинг ижроси доирасида умумий қиймати 29,5 трлн сўм, 2,6 млрд АҚШ доллари ҳамда 57,5 млн еврога тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Биринчи чоракда ижроси таъминланиши белгиланган 41 та топшириқнинг 32 таси тўлиқ бажарилган.
Ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Дастурда ижро муддати келмаган 15 та банддаги вазифалар бажарилиши таъминланган.
Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103,0 фоизни ташкил қилган. Савдо айланмаси ҳажми 46,7 трлн сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 102,8 фоизга ўсган. Давлат бюджети ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар 18,2 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,6 фоизга ошган.
Эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,6 млрд доллар, шундан 818 млн доллари тўғридан-тўғри инвестиция бўлган 453 та лойиҳа амалга оширилган ва бунинг натижасида 35 897 та янги иш ўрни ташкил этилган.
Ҳар бир туман (шаҳар)да “Ёшлар дастурлари” ижроси тизимли йўлга қўйилиб, 271 минг 495 нафардан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминланган. 62 минг 441 нафар ёшлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган ҳамда 27 минг 236 нафар ёшлар “1+1” лойиҳаси асосида тадбиркор ва уста-ҳунармандларга бириктирилган.
Янги ташкил қилинган “Ёшлар жамғармалари” маблағларидан 17 млрд 504 млн сўм маблағ сарфланиб, “Ёшлар дафтари”га кирган 24 минг 904 нафардан ортиқ ёшларнинг муаммолари ҳал этилишига кўмаклашилган.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 660 минг доза AstraZeneca ва 1 млн доза ZF-UZ-VAK 2001 вакцинаси олиб келинган. Эмлаш ишларини амалга ошириш учун республикада 3 138 та пункт ва 862 та ҳаракатдаги бригада ташкил этилган.
Мажлисда сенаторлар томонидан Дастур ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги таъкидланди.
Хусусан, Дастурда ижроси I чоракда таъминланиши белгиланган баъзи топшириқлар ўз вақтида бажарилмаган. Жумладан, Давлат дастурининг 145-бандида 1 мартга қадар аҳолининг минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш вазифаси қайд этилган бўлиб, мазкур банд ижроси юзасидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.
Дастурнинг 120-бандида 20 мартга қадар қишлоқ хўжалигида ер муносабатлари бўйича ислоҳотларни янада такомиллаштириш, ерларни бозор активларига айлантириш ҳамда ер участкаларини ижара ҳуқуқи билан фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниши белгиланган. Бироқ мазкур топшириқ бажарилмаган.
Шунингдек, айрим ҳужжатлар лойиҳалари ижрочилар томонидан ўз вақтида ишлаб чиқилмаганлиги ҳудудларда шу йўналишдаги ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам таъкидланди.
Қизғин савол-жавоблар асосида ўтган Давлат дастури ижроси муҳокамасида сенаторлар аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Дастурнинг 38-бандидаги Инфляциявий таргетлаш доирасида 2021 йилда инфляция даражасини 10 фоиздан оширмаслик ҳамда нарх-наво барқарорлиги, Дастурнинг 43-бандидаги давлат қарзи бўйича маълумотларнинг янада очиқлигини таъминлаш вазифасининг бажарилиш ҳолати, Дастурнинг 120-бандидаги Қишлоқ хўжалигида ер муносабатлари бўйича ислоҳотларни янада такомиллаштириш, ер участкаларини ижара ҳуқуқи билан фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш, Дастурнинг 261-бандидаги хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон меҳнат мигрантларига хизмат кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш тизимини тубдан ривожлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар каби масалалар юзасидан мутасаддилар жавоблари эшитилди.
Муҳокамалар сўнггида Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.