Давлат судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлайди
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасида давлатнинг судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаши билан боғлиқ қатъий норма белгиланмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш, соҳани янада такомиллаштириш, судлар мустақиллигига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш ва судларнинг чинакам мустақиллигига эришиш борасида амалга оширилаётган ишлар “Инсон қадри учун” ғояси асосида 2023 йилда ҳам давом этмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасида ҳам айнан суд ҳокимияти тўғрисида алоҳида 23-боб киритилган.
Мазкур қонуннинг 136-моддаси 1-қисмида “Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди” деб;
3-қисмида эса “Давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайди” деб белгилаб қўйилди.
Бу шуни англатадики, судьяларнинг ва уларнинг оила аъзоларининг хавфсизлиги конституциявий даражага кўтарилди. Эндиликда, давлат нафақат судья, балки унинг оила аъзоларини хавфсизлигини таминлашни кафолатлайди.
Ўз навбатида, ушбу кафолат судьянинг ҳар қандай ҳолатда ўз вазифасига виждонан ёндашиши ва холисона иш олиб боришини, энг муҳими оиласидан кўнгли хотиржамлигини таъминлайди.
Чунки, қайси соҳани олмайлик, ишчи-ходим оиласидан кўнгли хотиржам бўлмаса ва фарзандларининг кўзларида эртанги кунга ишончни кўрмас экан унинг ишида унум, ҳеч бир кунида ҳаловат бўлмайди.
Ўйлаймизки, судьяларнинг дахлсизлиги ва уларнинг оила аъзоларини хавфсизлиги конституция билан кафолатланиши судлар мустақиллигини таъминлаш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Марат Эргашев,
вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.
Адҳам Абдиев,
вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судья катта ёрдамчиси.