Давлат хизматлари марказида коррупцияга қарши қандай курашилади?

Бирор идора ёки ташкилотга ишимиз тушиб борар эканмиз, у ерда таъмагирлик қилишса, ходимлар лавозим мажбуриятига кирадиган вазифани бажариш учун сиздан бирор нарса кутишса, ноилож қоламиз. Аксар ҳолларда бу иллатга қарши курашишга ўзимизда куч ёки ҳафсала топа олмаймиз. Сабаби агар бу ҳолат ҳақида кимга, қай тартибда мурожаат қилишни билмаймиз.

Ваҳоланки, давлатимизда коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, хусусан, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Албатта, қонун яхши, аммо у жойларда ижро қилинмаса, фақат қоғозда қолиб кетмайдими, деган мантиқий савол туғилиш табиий. Негаки, қонунда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари мустаҳкамланган. Ваколатли органлар тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, халқаро ҳамкорликка оид қоидалар белгиланган.

Бу борада муайян ишлар олиб борилаётганини қайд этиш жоиз. Хусусан, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланмоқда, давлат хизматчисининг ҳар бир ножўя хатти-ҳаракати, у ким бўлишидан қатъи назар ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали ошкор этиб борилмоқда.

Адлия вазирлиги ва унинг тизимидаги органлар ҳамда муассасаларда, шу жумладан, Давлат хизматлари марказларида ҳам коррупцияга қарши кураш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Адлия вазирининг 2020 йил 24 мартдаги буйруғи билан “Адлия органлари ва муассасалари ходимлари томонидан вазифаларни бажаришда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Низом талаблари барча ходимлар эътиборига етказилиб, унга риоя қилиш доимий назорат қилиниб борилмоқда.

Қўпчиликка маълум, вилоятимизда босқичма-босқич Давлат хизматлари марказларининг замонавий янги бинолари қуриб, фойдаланишга топширилмоқда. Марказлар аҳолига тезкор, қулай ва сифатли давлат хизматлари кўрсатиши учун сўнгги русумдаги замонавий техника воситалари билан таъминланган. Шунингдек, видеокузатув мосламалари билан жиҳозланиб, ходимларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати бошқарма томонидан мунтазам кузатиб борилмоқда.

Бундан ташқари, марказлар биноларида коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида бурчаклар ташкил қилинган. Унда аҳолига давлат хизматлари ҳақида тезкор ва ишончи маълумот бериш, юзага келадиган муаммоли вазиятларнинг ечимини топиш ҳамда соҳага оид таклиф ва эътирозларни билдириш учун 1148 рақамли “Ишонч телефони” ёзиб қўйилган.

Шунингдек, марказ иш режими, фуқаролар учун тўловлар, пуллик хизматлар, кўрсатилаётган барча давлат хизматлари бўйича қисқача маълумотлар жойлаштирилган. Бу борада ортиқча тўловлар ёки бошқа таъмагирлик ҳолатлари бўйича “Коррупция ҳолатлари бўйича хабар бериш қутиси” ҳам ўрнатилди.

Қисқаси, давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан марказга ташриф буюраётган фуқароларга нисбатан таъмагирлик қилинса ёки ортиқча пул талаб қилиш ҳолатлари, ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаслиги, умуман, ҳар қандай кўринишдаги коррупция ҳолатлари бўйича 1148 “Ишонч телефони”га ёки марказ биноларида жойлаштирилган “Коррупция ҳолатлари бўйича хабар бериш қутиси”га мурожаат қилишлари мумкин.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни 29-моддасига асосан аноним мурожаатлар кўриб чиқилмаслиги маълум қилинади.

Сардор ДАВРОНОВ,

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходими.