Давлат хизматларини олишнинг экстерриториал тамойили аҳолига қандай қулайликлар яратмоқда?

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига шаффофлик, қулайлик ва соддалаштирилган ҳолда тезкор давлат хизматлари кўрсатилиши борасида бир қатор қарорлар, маъмурий регламентлар қабул қилинган бўлиб, бугунги кунда кўрсатилаётган давлат хизматлари сони 140 дан зиёдни ташкил этмоқда.

Хусусан, Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази орқали кўрсатилаётган барча хизматлар фуқароларнинг вақтини тежаш, уларнинг идорама-идора навбат кутиб юришларини олдини олиш, қоғозбозликни камайтириш ва бошқа қулайликларни яратиш мақсадида интерактив усулда амалга оширилмоқда. Фуқаролар мурожаатларини белгиланган вақтда кўриб чиқиш ва натижаларни тақдим этиш учун идоралараро ҳужжатлар алмашуви йўлга қўйилган.

Марказ томонидан 2021 йилнинг ўтган даврида жисмоний ва юридик шасхларга жами 51 477 та хизматлар кўрсатилган бўлиб, 1756 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. 657 та масъулияти чекланган жамият, 41 та хусусий корхона, 192 та оилавий корхона ва 866 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари шулар жумласидандир.

2021 йилнинг ўтган даври мобайнида давлат хизматлари маркази томонидан кўрсатилаётган хизматлар сони ошди. Марказ орқали давлат хизматларини қабул қилишга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда Давлат хизматлари агентлиги томонидан жорий йил якунига қадар яна 30 дан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш режалаштирилмоқда.

2021 йилнининг биринчи чораги давомида мурожаатларнинг асосий қисмини “электрон имзо олиш”, “жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси”, “солиқлардан қарздорлиги мавжуд эмаслиги маълумотномасини олиш”, “газ, сув ва электр ҳисоблагичларини ечиш, ўрнатиш ва қиёслашдан ўтказиш”, “СТИР олиш”  судланмаганлик, номида уй-жой мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар олиш, кадастр, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказиш сингари хизматлар ташкил этмоқда.

Фуқароларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида барча хизматлар экстерриториал тамойил бўйича, яъни исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб хизматлардан фойдаланиш йўлга қўйилган.

Мисол учун, Навоий вилоятида фаолият юритишни мақсад қилган тадбиркор Самарқанд вилоятидаги марказлардан туриб ҳам рўйхатдан ўтиши мумкин. Нафақат рўйхатдан ўтиш соҳасида, балки давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган аксарият хизматлардан доимий яшаш жойидан ҳамда рўйхатдан ўтган ҳудудидан қатъий назар жисмоний ва юридик шахслар исталган ҳуддудаги давлат хизматлари марказлари орқали фойдаланишлари мумкин.

Шу ўринда муҳим бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиб ўтмоқчиман. Фуқароларимизнинг давлат хизматларидан онлайн равишда фойдаланишда нафақат карантин даврида, балки my.gov.uz портали орқали исталган пайтда ҳам ўзларига керакли бўлган хизматларга оид масалани давлат хизматлари марказларига шахсан келмасдан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали, яъни қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган имтиёздан фойдаланиб ҳал этиши мумкин. 

Бу билан фуқаронинг қимматли вақти тежалади, белгиланган йиғимни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаатга нисбатан қўлланиладиган имтиёз асосида камроқ тўлаш имкониятига эга. Энг муҳими, уйидан чиқмасдан мурожаат қилиш орқали ҳал этиши ҳамда сўраган ҳужжатларини олиши мумкин.

Азиз Собиров,

Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи.