Давлатсиз миллатлар, Европадаги ўз давлатига эга бўлмаган йирик халқлар
Фуқаролиги (ўз давлати) йўқ миллатлар – бундай таъриф тақдир тақозоси билан ўз давлатига эга бўлмаган халқ ва миллатларга берилган. Улар бошқа кучли ва кўп сонли этник гуруҳларга сингиб кетиб, ўзлаштирилган бўлса-да, ўз урф-одати, маданиятини сақлаб қолишган. Баъзилари марказий ҳокимиятга содиқ қолади, бошқалари эса мухторият тузади ёки ажралиб чиқишга интилади.
Ушбу мақола орқали Европадаги энг йирик майда миллатлар ҳақида билиб оламиз.
Сицилияликлар
Италия жанубида яшовчи энг йирик майда миллатлардан бири, италиянинг субэтноси деб ҳисоблайдиган этнологлардан фарқли ўлароқ, 15 миллион сонли сицилияликлар ўзларини алоҳида миллат деб билишади. XII асрдан бери мустақил сиёсий тарих олиб бораётган сицилияликлар расман 1861 йилда Италия қироллиги таркибига кирган ва 1943 йилдан буён мустақиллика интилиб келмоқда. Бироқ, маҳаллий парламентдаги овоз беришлар уларнинг атиги 20-30 фоизида Италиядан ажралиб чиқиш истаги борлигини кўрсатди.
Каталонияликлар
Пиреней ярим оролининг энг қадимги халқларидан бири каталонияликлар 8,2 миллион аҳолига эга.
2006 йилда улар референдум ўтказиб, Испаниядан ажралиб чиқишга ҳаракат қилишган. Муваффақиятсизликка қарамай, улар солиқ тизими, қонун ижодкорлиги ва миграция сиёсати мустақиллигига эришди. 2017 йилда Каталония ҳукумати иккинчи референдумни ўтказди, бироқ бу ҳам мустақиллика олиб келмади: марказий Испания ҳукумати ҳар томонлама бунга қаршилик кўрсатиб келмоқда.
Татарлар
Россиядаги иккинчи йирик халқ XIII асрда Олтин Ўрда босими остида Волга бўйидаги турли кўчманчи халқларни аралаштириш натижасида шаклланган. 6,4 миллион кишидан иборат миллатнинг 5,3 миллиони Россияда истиқомат қилади.
Татарлар икки марта - фуқаролар уруши пайтида ва СССР парчаланганидан сўнг мустақиликка эришишга ҳаракат қилишди. Бироқ Москва имтиёз бериш орқали минтақани мамлакат таркибида сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Татаристон ўз тили ва анъаналарини сақлаб қолган, ўзининг кучли маҳаллий сиёсатчиларига эга. Қозон вақти-вақти билан марказий ҳокимият билан тўқнаш келса-да, автономия масаласи йўққа чиқарилган.
Шотландияликлар
Мамлакат узоқ вақт мустақил бўлган, лекин XVII асрга келиб у Англияга бўйсуна бошлаган, сиёсий ва иқтисодий бошқарув Лондонга ўтган.
Бугунги кунда 5 миллиондан ортиқ шотландлари бор минтақа кенг автономия ва алоҳида парламентга эга, лекин узоқ вақтдан бери ўз давлатини қайтаришни орзу қилади.
2014 йилда мамлакат аҳолисининг ярмидан камроғи ажралиб чиқиш учун овоз бериб Шотландия деярли ўз мустақиллигига эришди. Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бунга тўсиқлик қилди. Маҳаллий парламентнинг 2023 йилда иккинчи референдум ўтказиб, ниҳоят мамлакат мустақиллигини қайтариш нияти бор.
Черкеслар
Адигейлар, кабардлар, черкес ва шапсугларни ўз ичига олган умумий сони 4,5 миллион киши бўлган халқлар гуруҳидан иборат Шимолий Кавказнинг туб халқларидан бири. Россияда 700 мингга яқин киши истиқомат қилади. XIX асрда Россия Кавказ ерларини забт этди ва мухолифларни, шу жумладан черкесларни бошқа минтақаларга қувиб чиқарди. Аксарияти Туркияга кўчиб ўтган ва ҳозир ҳам у ерда яшаб келмоқда.
Россиядаги черкеслар уч субъектда – Адигея, Кабардино-Балкария ва Қорачой-Черкесияда яшайди. Бу халқларнинг маданияти, анъаналари ва тили жуда ўхшаш, улар ўзларини алоҳида гуруҳларга бўлмасдан, ягона этник гуруҳ деб билишади.
***
Бу халқлардан ташқари яна бошқа ўнлаб этник гуруҳлар ўз давлатига эга эмас. Кўпчилик ўз ерларида яшашидан мамнун ва ажралиб чиқишга интилмайди. Уларнинг ичида лўлилар ҳам бор: Европада уларнинг сони 11 миллиондан ошиб кетади, бироқ улар умуман давлатсиз яшашни афзал кўришади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.