Давомат 15 фоиз бўлган коллежга раҳбарлик қилган аёлнинг шогирдлари бугун нуфузли идораларда ишлаяпти. Бунинг сабаби...

Бу аёлни тадбирли раҳбар, деб эътироф этишади жомбойликлар.

Эҳтимол, раҳбарлик қобилияти отасидан ўтгандир. Аммо оиладаги тутуми, турмуш ўртоғига ҳурмат, фарзандлар тарбияси борасида қўллаганлари онасидан ўтган.

Гулнора Аҳмедова, аслида, раҳбарлик фаолиятини 18 ёшидан бошлаган.

- Ўшанда институтда сиртқи ўқиб, ҳам боғчада тарбиячи бўлиб ишлардим, - дея гапириб беради Гулнора опа биз билан суҳбатда. - Жомбойнинг чекка қишлоғида туғилганман. Бир йил мавсумий ишлайдиган боғчада фаолият юритдим. Аммо шу орада боғча маълум сабабларга кўра мудирасиз қолди.   Совхоз раҳбари мени чақиртириб, «Боғчага мудира бўласан, сендан бошқа олий маълумотли ходим йўқ», деди. Ўшанда ўзимни йўқотиб қўймай, совхоз раҳбарига шарт қўйганимни эсласам, ҳалиям ўша шижоатимга ҳайрон қоламан. «Майли, мудиралик қиламан, аммо шартим бор: бизнинг боғчамиз ҳам мавсумий эмас, доимий боғча бўлсин, шароитлари яхшилансин» деганимда совхоз раҳбари кулиб қўйди-да «Сендан нимадир чиқади-ёв» деди.

Шу-шу, мудиралик қилдим. Ростдан ҳам совхоз раҳбари сўзида турди. Кўп ўтмай боғчага қўшимча бинолар берилиб, таъмирланди. Кейинроқ фақат қишлоқ хўжалик ишлари авж олган паллада ишлайдиган боғча йил давомида болаларни қабул қила бошлади.

Мактабда ўқувчиларга нонушта ташкил қилганман

Орадан йиллар ўтди, турмушга чиқдим, фарзандларим туғилди. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлай бошладим. Ўша ўтган асрнинг 80-йилларида 3,5 километр оралиқ масофада жойлашган иккита мактабга пиёда қатнаб ишлардим. Кўп вақт ўтмай, мени ўша пайтдаги 39-мактаб директорлигига тайинлашди. Шу йиллари одамларнинг яшаш шароити оғирроқ, болаларнинг тўйиб овқатланмаслиги маълум эди. Бундай пайтда яхши ўқишни талаб қилиш қийин бўлгани учун, аввало, болаларнинг ҳеч бўлмаса бир кунда бир стакан сут ичишлари учун имкон изладим. Қўшимча маблағлар ҳисобидан қорамол сотиб олдик, ярим гектар ер ажратилгач, деҳқончилик  қилиб, ўқувчиларнинг нонушта қилиши учун шароит яратдик. Ўқувчиларнинг яхши билим олиши учун ўқитувчиларни ҳам рағбатлантирдик. Хуллас, ўша пайтлар вилоят ҳокими бўлиб ишлаган Шавкат Мирзиёев бу тажрибани бошқа мактабларда ҳам оммалаштиришга чақирганди.

50 фоиз битирувчи ўқишга кирган

Бир неча йил ўтмай тумандаги энг қолоқ, 54-мактабга директор этиб   тайинлашди. 240 ўринли мактабни тез орада ҳашар йўли билан қурдик, ўқувчиларининг билим натижалари яхши ўқитувчиларга рағбатни кучайтирдик. Орадан бир неча йил ўтиб ушбу мактабнинг аввал 20, кейин 30, сўнг 50 фоиз битирувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилина бошлади. Буларнинг барчаси ўқитувчиларнинг изланишлари, уларга адолатли муносабат, мактаб жамоаси худди катта бир оиладай муҳитнинг яратилганида эди, деб ўйлайман.

Бу меҳнатларим самарасиз кетмади. Давлатимиз томонидан «Шуҳрат» медали билан тақдирландим.

Давомат 15 фоиз бўлган коллежга раҳбар бўлдим…

2010 йилдан эса давомат 20 фоизга ҳам етмайдиган Жомбой иқтисодиёт коллежига раҳбар бўлдим. Давоматнинг аҳволи бу, жамоа икки гуруҳга бўлиниб олган, ўқитувчилар ишлашни истамайди. Бу вазиятдан қандай чиқиб кетиш мумкин, коллежни намуналига айлантиришда нимага эътибор бериш керак?

Тўғриси, аввалига боши берк кўчага кириб қолгандай ҳис қилдим ўзимни. Аммо бир умр таълим тизимида ишлаганим, қолаверса, юқорида таъкидлаганимдай, доим қолоқ мактабларда ишлаб, озми-кўпми уларнинг даражасини кўтарганим учун дарҳол режа туза бошладим. Аввало ишлаётган жойинг обод бўлиши керак, ишга келганида у ердаги шароитдан, муҳитдан баҳра олиши керак инсон. Коллежга келганимда ҳаммаёқ янтоқзор, деворлари кўчиб кетган, жиҳозлар абгор… Ишни ободонлаштиришдан бошладим. Мактабда ишдан кетаётганимда бериладиган «расчет»ни бўёқ, чўтка олишга сарфладим, тўғриси. Ҳовлини тозалатиб, гуллар эктирдим. Хуллас, биринчи сентябргача шундай, ўз харажатларимиз билан бўлса-да, ўзгариш содир бўлди. Эндиги масала, коллеждаги давомат эди. Ўқитувчиларга қаттиқ талаб қўйдим, давомати яхши бўлмаган гуруҳ ўқитувчисига чора кўришгача бордик. Бир йил ичида коллежда анча ўзгаришлар бўлди. Талабалар «Сиз қонунни биласизми?» танловининг республика босқичида иккинчи ўринни олгач, коллеж ўқувчилари ўртасида дарсга, таълим муассасасига бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Ўрни келганда айтишим керакки, ушбу танловда қатнашган йигит-қизларнинг деярли барчаси бугунги кунда жамиятнинг нуфузли идораларида меҳнат қилмоқда.

Хуллас, коллежнинг қиёфаси ҳам, таълим-тарбия ҳам ўзгарди.

Аёл раҳбарнинг устунлик жиҳатлари нимада?

Умуман, аёл раҳбар биринчи навбатда ўша, борган жойида ўзи она бўлгани учунми, худди оиласидаги каби тартиб бўлишини истайди, ходимлардан ишни талаб қилиш баробарида фарзандига нечоғлик адолатли бўлса, шундай адолат ўрнатилишига ҳаракат қилади. Шундай ўй билан ҳаракат қилсагина, жамоада обрў топади, элнинг ҳурматини қозонади. Эҳтимол, шунинг учун кўп ўтмай «Эл-юрт ҳурмати» орденига муносиб кўрилгандирман. Бу эътибор, мукофотларнинг барчасини масъулият деб ҳис қилдим. Бир пайтлар ҳатто ўқитувчилар «Аҳмедова битта кўйлагини адо бўлиб қолмагунча кияди-я» деган кинояомуз гапларни эшитганман. Баъзида ҳозир ҳам қариндошларимиз «шунча раҳбар бўлиб ишлаб, бор-йўғи битта уйларинг бор-а» дейишади. Аммо ҳалол ишлаганман, қаерда фаолият юритмай, виждонимга хилоф иш тутмаганман, дея ишонч билан айта оламан. 

Дарвоқе, биз Гулнора Аҳмедованинг қайси фандан дарс бериши, педагог сифатидаги маҳоратига тўхталмадик. Мақсадимиз, раҳбар аёлнинг фикрлари, тажрибаси билан ўртоқлашиш эди…

Гулруҳ Мўминова.