Давронбек Жуманиёзов: Байрам тадбирларини ўтказиш инфекция тарқалишига сабаб бўлиши мумкин
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш, унга қарши ҳамжиҳатликда курашиш мақсадида вилоят аҳолисига мурожаат қилди.
Мурожаатда қайд этилишича, мамлакатимизда коронавирус инфекциясидан соғайиш кўрсаткичи 97 фоиздан ошди. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатилиб, жойларда ижтимоий, сиёсий, маданий ва маърифий, айниқса иқтисодий ҳаёт фаоллашди.
Бироқ дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳамон коронавирус инфекциясини юқтираётганлар сони ортиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Россия каби дунёнинг бир қатор ривожланган давлатларида ҳамон коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият мураккаб бўлиб турибди.
Янги йил арафасида жойларда байрам тадбирларини ўтказиш инфекция тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис Республика махсус комиссиясининг қарори билан фуқароларга янги 2021 йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказиш тавсия этилиши ва вазирлик, давлат идоралари, ташкилотларига корпоратив байрам тадбирлари ташкил этиш тақиқланганлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кўча ва жамоат жойларида тиббий ниқобда юриш коронавирус инфекциясини юқтириш ва уни ўзгаларга тарқатиш эҳтимолининг олдини олишда энг самарали йўл ҳисобланади. Шу сабаб, “Ниқоб – бизнинг дўстимиз!” шиори остида санитария қоидаларга қатъий амал қилиб, ўзимизни, оила аъзоларимиз ва яқинларимизни касаллик юқтиришдан сақлайлик.