Деде Косвара - "дарахт одам"

Индонезия қишлоқларидан бирида терисида дарахт пўстлоғига ўхшаган ғалати ўсмалар ўсиб чиқиши туфайли “Дарахт одам” лақабини олган йигит яшарди. Хўш, бу даҳшатли касаллик нимани ифодалайди?

Ноёб касаллиги туфайли бутун дунёга машҳур бўлган Деденинг танаси дарахт пўстлоғига ўхшаш ўсмалар билан қопланган. Ушбу ўсмалар ҳаддан ташқари тезликда, йилига 6 сантимергача ўсади. Унинг бу қиссаси эндигина 14 ёшга кирганида, кунларнинг бирида у ўрмонда айланиб юриб, йиқилиб, тиззасини жароҳатлаб олганида бошланди. Афсуски, шу воқеадан сўнг бир қарашда тезда битиб кетадиган оддий арзимас яра ўсмирнинг танасида, айниқса қўл ва оёқларида қўрқинчли ўсмаларни келтириб чиқарди.

Ҳеч ким бу даҳшатли касалликни мағлуб эта олмади: 25 ёшга келиб қаҳрамонимиз оиласини таъминлаши учун ҳатто балиқ ҳам овлай олмайдиган  бўлиб қолди.

Самая необычная болезнь в мире : человек-дерево

Хотини икки боласини олиб Дедани тарк этди. Бахтсиз Косваранинг пул топишнинг ягона йўли – цирк ареналарига чиқиб ўз танасини намойиш этишидан бошқа чораси қолмади.

"Дарахт одам"нинг касаллик тарихи америкалик шифокорларни қизиқтирди. Мериленд университети доктори Энтони Гаспари ушбу ҳодисани ўрганишга қарор қилди. Олим бу касалликни тиббиётда шунга ўхшаш Левандовски-Луц эпидермодисплазияси деб номланадиган ҳолат - инсон папиллома вируси келтириб чиқаришини, Косвара касаллиги эса дунёда энг кам учрайдиганларидан бири - бутун тиббиёт тарихида у 200 дан ортиқ одамда қайд этилганлигини аниқлади.

2008 йилда Деденинг аҳволини сезиларли даражада енгиллаштирган бир неча жарроҳлик операциялари ўтказилди. 9 ой ичида ундан 6 килограммдан ортиқ ўсма олиб ташланди ва кучли антивирус терапияси тайинланди. Энди у қўлларини ишлатиши ва ҳатто ёзиши мумкин эди.

Афсуски, Деденинг қиссаси яхши якун топмади. Йилига учта операцияни бошидан кечириши керак бўлган йигитнинг ўсмалари ўсишда давом этарди. Барча уринишлар беҳуда бўлди ва 2016 йилнинг 30 январида касаллиги кучайган "Дарахт одам" 45 ёшида шифохоналарнинг бирида оламдан ўтди.

***

Таҳр.: Инсон папиллома вируси (ИПВ) – сўғал ва папилломаларни келтириб чиқарадиган вируслар гуруҳи. Бугунги кунда унинг 100 дан ортиқ турлари аниқланган бўлиб, уларнинг 80 таси одамларга зарар етказиши мумкин. Агар бирор сабабларга кўра ташувчининг иммунитети заифлашган бўлса, ИПВ фаоллашади. Вирус кўпинча танага болалик даврида жароҳатлар ва кесилишлар орқали тушади.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.