Депутат бошқармага сўров юборди
Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда иқлим ўзгариши бошқармасига экологик муаммолар юзасидан депутат сўрови юборилди.
Мамлакатимизда экологик муҳитни яхшилаш ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамай, фуқаролар билан олиб борилаётган мулоқотлар давомида айрим корхоналар фаолиятидан норозилик билдираётган мурожаатлар сони ортиб боряпти.
Хусусан, аҳоли томонидан атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган, экологик талабларни қўпол равишда бузаётган айрим ишлаб чиқариш субъектлари юзасидан ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб чиқишлар қилиняпти.
Мазкур ҳолатлар “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”, “Экологик экспертиза тўғрисида”, “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда “Ер кодекси” талаблари бузилаётганлигини кўрсатмоқда.
Ўрганишлар натижасида Булунғур, Тойлоқ ва Ургут туманларида фаолият юритаётган айрим корхоналарда ишлаб чиқариш учун берилган рухсатномалар талаблари ҳамда экологик меъёрларга риоя этилиши ҳолатини чуқур ўрганиш заруратини юзага келтирмоқда. Айрим корхоналарда экологик экспертиза хулосаларида белгиланган талаблар бажарилмаётгани, табиий ресурслардан оқилона фойдаланилмаётгани ҳамда атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатилаётгани аниқланяпти.
Мазкур масала юзасидан 31-Саройқўрғон сайлов округидан сайланган депутат Н.Ярмуҳаммедова томонидан ваколатли ташкилотларга расмий сўров юборилди. Унда тегишли корхоналар фаолиятини қонунийлик нуқтаи назаридан ўрганиш, экологик талаблар ижроси юзасидан 10 кун муддатда текшириш ўтказиш ва натижалари бўйича ёзма ахборот тақдим этиш сўралган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, депутат сўровига белгиланган муддатларда жавоб тақдим этилиши лозимлиги эслатиб ўтилган. Ушбу назорат тадбирлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини асраш ҳамда экологик қонунчиликка риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.