Депутат иссиқхона қуриш учун сайловчисига фоизсиз кредит беришини айтди

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати Ўктам Саидмуродов Жомбой тумани Назар қишлоғидаги хонадонларда бўлиб, ўз сайловчиларининг томорқадан қандай фойдаланаётгани билан қизиқди.
6 сотих томорқасида деҳқончилик қилиб келаётган Абдусаттор Хушвақтов ҳовлисидаги сабзавотларни йиғиштириб олгандан сўнг иссиқхона қуриш истаги борлигини билдириб, банкдан имтиёзли кредит олишда депутатдан ёрдам сўради. Депутат эса бу фуқарога банкдан фоизли кредит ўрнига иссиқхона учун жиҳозларни ўзи фаолият кўрсатадиган “Стеклопластик” масъулияти чекланган жамиятидан фоизсиз, қарзга ажратишини айтди.
Шунингдек, ногиронлиги бор фарзандни тарбиялаётган ёлғиз она С.Намозованинг томорқасига экиш учун уруғлик ва кўчат етказиб беришини айтди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 18 апрель куни ўтказилган сессиясида вилоят ҳокими Э.Турдимов ҳар бир депутат ўз сайлов округидаги аҳоли хонадонларида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориши кераклигини таъкидлаган эди.